Мухлислар борасида рекордчи "Навбаҳор"нинг биринчи даврадаги ўйинларига қанча томошабин ташриф буюрди?
“Навбаҳор” клуби матбуот хизмати жамоанинг 1-даврада қайд этган статистик натижалари билан таништириб бормоқда.
Ўзингизга маълум, “лочинлар” давралар оралиғидаги танаффусга турнир пешқадами сифатида чиқиб кетишди.
Албатта, бундай ижобий натижага эришиш ортида клуб раҳбарияти, жамоа мураббийлар штаби ва футболчиларнинг улкан меҳнатлари самараси ётибди.
Шунингдек, майдондаги футболчиларга мухлисларнинг руҳан қўллаб-қувватлашлари ва далда беришлари ҳам руҳий қувват беради ҳамда ҳужумкорликни ошириш, ғалабага бўлган иштиёқни орттиришда муҳим омил бўлиб, хизмат қилади.
Наманган – футболсеварлар вилояти эканлиги, “Навбаҳор” 1991 йили собиқ иттифоқ биринчи лигасида ўйнаганида мухлислар ташрифи бўйича Москванинг “Спартак” жамоасидан кейин 2-ўрини эгаллаганлиги ҳам бунга мисол бўла олади.
Наманганлик ишқибозларнинг довруғи Осиё ва МДҲ мамлакатларига таралган. Шу боис бўлса керак, бошқа клублар раҳбарлари, мураббийлари ва футболчилари “Навбаҳор”га ҳавас билан қарашади.
Хўш, ўз мухлислари билан довруғ таратган “лочинлар”нинг Суперлига 1-даврадаги баҳсларига қанча томошабин ташриф буюрди?
“Навбаҳор”нинг 1-даврадаги ўйинларини жами 129.793 нафар мухлис бевосита стадионларда томоша қилди ва бу борада “лочинлар” барча Суперлига жамоаларини ортда қолдиришди.
“Навбаҳор”нинг ўз майдонидаги 7 та учрашувига жами 104.761 нафар, сафардаги 6 та ўйинига эса жами 25.032 нафар томошабин ташриф буюрди.
Биринчи давра баҳсларида битта ўйинда энг кўп мухлис тўплаш бўйича рекорд ҳам наманганликларга тегишли. Суперлиганинг 7-туридан ўрин олган, жорий йилнинг 6 май куни Намангандаги “Марказий” стадионида бўлиб ўтган “Навбаҳор” – “Бунёдкор” (2:1) учрашувига 26.231 нафар мухлис ташриф буюрди.
Фикрлар