Мухлислар Шомуродовнинг ўйинини бевосита майдондан кўриши мумкин
Football Italia нашри тарқатаётган хабарларга қараганда, Италияда футбол учрашувларига мухлислар киритилиши мумкин экан.
Коронавирус пандемияси туфайли қўйилган тақиқ май ойининг бошларидан қисман юмшатилиши кутилмоқда.
Шунга қарамай, трибуналарнинг мухлислар билан тўлиб кетишига йўқ қўйилмайди. Очиқ иншоотлардаги мухлислар сони минг нафардан ошмаслиги керак.
Аввалроқ Италия ҳукумати ёзда Рим шаҳрида “Евро-2020” учрашувларини ўтказилишга рухсат берган эди.
- Бу борада музокаралар давом этмоқда. Европанинг турли томонларидан меҳмонлар келиши аниқ. Биз Италия кубоги финалида ҳам томошабинлар бўлишини истаймиз, - деб баёнот берди давлат котиби ўринбосари Андреа Коста.
Италия футбол федерацияси 19 майга белгиланган “Ювентус” ва “Аталанта” ўртасидаги мамлакат кубоги учун финал учрашувини томошабинлар гувоҳлигида ўтказишга тайёргарлик кўряпти.
Элдор Шомуродов тўп тепаётган “Женоа” уй учрашувларини “Луижи Феррарис” стадионида ўтказади. Бу арена бир пайтнинг ўзида 36 598 кишини сиғдира олади.
Италиянинг энг қадимий клуби ҳисобланган “Женоа” мухлислари фаоллиги ва талабчанлиги билан ажралиб туради. Улар ҳар қандай шароитда ўз футболчиларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади.
Фикрлар