МХЛ (NHL) жамоалари Тошкентга келади

МВСК армия клубининг таклифига биноан 28 декабрь куни icehockeypro.com хоккей ташкилотининг халқаро ривожланиш бўйича менежери Михаил Истомин Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон хоккей федерацияси расмий сайти хабар тарқатди.

Мартабали меҳмон пойтахтимиздаги "Ҳумо-Арена" муз саройига ташриф буюриб, у ерда Ўзбекистон хоккей федерацияси Бош котиби Шукурулло Каримов билан учрашди. 

Томонлар биргаликда ишлашга келишиб олишди ва АҚШ ва Канададаги клубларни ўз ичига олган Миллий Хоккей Лигаси (National hockey league) жамоаларининг ташрифи бўйича музокара олиб боришди. 

Маълумот учун, IceHockeyPro асосчиси ва бош мураббийи "Питсбург Пингвинз" МХЛ жамоаси билан икки бор Стенли кубогини қўлга киритган Максим Иванов саналади. Мазкур ташкилот жаҳоннинг 15 мамлакатида хоккей бўйича юқори даражадаги ўқув-йиғинларини ташкил этиб келади.

Шунингдек, Максим Иванов NHL (АҚШ ва Канада), KHL (Россия, Латвия, Беларусь, Қозоғистон, Финлядния, Хитой), SHL (Швеция), Liga-SM (Финляндия) лигаларидаги етакчи хоккейчилар билан ҳам шахсан ҳамкорлик қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг армия хоккей клуби (МВСК) 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, клуб 7 декабр санасида "Ҳумо" жамоасига қарши биринчи назорат учрашувини ўтказган. Мазкур беллашувнинг асосий вақти "армиячилар"нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якун топган бўлса, буллитлар сериясида "Ҳумо" хоккейчилари аниқ ҳаракат қилишган - 2:1.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!