«МЮ» бош мураббийи Кэррик клубдаги Маркус Рашфорд келажаги ҳақида баёнот берди
«Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Майкл Кэррик жамоа ҳужумчиси Маркус Рашфорд Дублиндаги йиғинда жамоага қўшилишини маълум қилди.
«Мен у билан бирга майдонга тушганман. У дебют қилган ўйинда ҳам иштирок этганман, шу боис орамизда ўзига хос тарих бор. Шу ҳафта Дублинда тўлиқ таркиб билан йиғиламиз. У ерга тўғридан-тўғри учиб борамиз ва бир неча кун давомида бутун жамоа яна бирга бўлади. Маркус — шу жамоанинг бир қисми», — дея Кэррикнинг сўзларини келтиради ESPN.
28 ёшли Рашфорд ўтган мавсумни «Барселона» сафида ижара асосида ўтказган. Унинг «Манчестер Юнайтед» билан амалдаги шартномаси 2028 йил ёзигача мўлжалланган.
Рашфорд «қизил иблислар» таркибидаги сўнгги учрашувини 2024 йил декабрида, Европа Лигасида «Виктория» Пльзеньга қарши ўйинда ўтказган. У «Манчестер Юнайтед» сафида жами 426 та ўйинда майдонга тушиб, 138 та гол урган ва 60 та голли узатма муаллифи бўлган.

Фикрлар