Нафақат марказий, балки йил ўйини ёхуд Суперлигада 15-тур бошланяпти
Бугун Суперлиганинг 15-турига старт берилади. Учрашувлар 9-12 август кунларига белгиланган. Маълумки 14-турда 4 та ўйин қолдирилганди. Аммо бу сафар барча ўйинлар режа асосида қолдирилишларсиз ўтказилади.
Сиз билан бизни эса Қарши ва Олмалиқда марказий тўқнашувлар кутмоқда. “Насаф” – “Пахтакор” ва ОКМК – “Навбаҳор” иштирокидаги баҳсга ортиқча таъриф шарт бўлмаса керак. Лекин қолган тўқнашувларда ҳам ўйин ҳарорати худди ёзнинг иссиқ ҳарорати каби ўтишига ишонаверинг.
9 август
19:00. “Локомотив” – “Олимпик”
Александр Крестинин бошчилигидаги “Локомотив” бу сафар ўз уйида ёшлардан ташкил топган “Олимпик”ни қабул қилади. Яқинда Тимур Кападзе расман “Олимпик”дан кетганини эълон қилди. Энди Сервер Жепаров ва Денис Коростиченко бошчилигида жамоа мавсумни давом эттиради. Коростиченко илгари “Локомотив”да ишлаган ва клубга бош мураббийлик ҳам қилган. Ўтган турда “Металлург” билан дуранг ўйнаган “темирйўлчилар” тезроқ хавфли ҳудудни тарк этиш ва юқори ўринларга кўтарилиш ҳаракатида. Устунлик “Локо” томонида эканлиги айтилмоқда. Фақат буни амалда ҳам исботлаш лозим.
10 август
19:00. “Нефтчи” – “Динамо”
Фарғонада жиддий қарама-қаршилик гувоҳи бўламиз. Биринчи даврада кўп очколарни бой берган “Нефтчи” чемпионлик учун йўлидаги курашда энди иккинчи даврада йўқотилган очколари ўрнини қоплаши талаб қилинади. Вадим Абрамов жамоаси ҳужумкорликни ёқтиришини биласиз. “Нефтчи” учун натижа ниҳоятда муҳим. “Динамо” сафарда ўйнаётгани учун уларда босим озроқ ва бу ҳолат мезбонларда юқорироқ. Имкониятлар ҳозирча тенг баҳоланмоқда.
20.00. “Насаф” – “Пахтакор”
Шубҳасиз, бу беллашув турнинг марказий учрашуви ҳисобланади. Чемпионлик учун курашдаги икки асосий рақобатчилар тўқнашувини ўтказиб юбориб бўлмайди. Иккала жамоа ҳам иккинчи даврада таркибида айрим ўзгаришларга қўл урди. Айниқса, “Пахтакор” биринчи даврага нисбатан таркибини бир мунча кучайтирди. Кўпчилик, Максим Шацких жамоасининг ўйини иккинчи даврада анча кучайишини тахмин қилмоқдалар. “Насаф” ва “Пахтакор” бир-бирини жуда яхши билади. Мураббийлар тўқнашуви ва майдонда футболчиларнинг индивидуал тўқнашувларига ҳам гувоҳ бўламиз. Лекин жамоавий ўйин бўйича устунликни кимда кўрамиз ва бу ҳол таблода ўз аксини топармикин? Буни ўша куни билиб оламиз.
11 август
19:00. “Сўғдиёна” – “Металлург”
“Сўғдиёна” 7 август куни Жиззахда “Навбаҳор”га қарши Ўзбекистон Кубоги чорак финали доирасида драматик ўйинни ўтказиб 2:3 ҳисобида мағлубиятга учради ва энди бор эътиборини чемпионат баҳсларига қаратишга мажбур. Ўйин олдидан Иван Бошкович жамоасининг имконияти юқори баҳоланяпти. Таққослаш учун: “Сўғдиёна” 23 очко билан 3-ўринда, “Металлург” эса 8 очко билан 13-поғонада. Суперлигада ҳали ғалаба қозонмаган ягона жамоа бўлиб турибди. Шу факторнинг ўзиёқ бекободликлар учун ўйин қанчалик муҳимлиги ва уларга ғалаба сув ва ҳаводек зарурлиги кўриниб турибди. Бироқ медаллар учун курашаётган “Сўғдиёна”га ҳам ғалаба меҳмонлардан кам бўлмаган ҳолатда зарур. Бу ўйинни кузатиш ҳам анча қизиқ бўлади. Ютқазишга ҳаққи қолмаган “Металлург” Жиззахдан ижобий натижа билан қайтиши учун икки ҳисса кўпроқ куч билан тўп суриши шарт. Дуранг ҳам балки меҳмонлар учун ижобий натижага айланса ажаб эмас.
20:00. “Бунёдкор” – “Андижон”
7 август куни Қаршида “Қизилқум”ни йирик ҳисобда мағлубиятга учратиб ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Кубоги ярим финалига чиққан “Андижон” чемпионат доирасидаги “Бунёдкор”га қарши учрашувга юқори кайфиятда келяпти. Илёс Зейтуллаев бошқараётган “Қалдирғочлар” ҳозир қийин вазиятда. Жамоа битта ғалаба билан 8 очко жамғариб мусобақа жадвалида сўнгги поғонада. Ўйин қизиқарли руҳда ўтади. Бу баҳсда пухта тайёргарлик кўрган жамоага олиб кулиб боқади.
12 август
19:00. ОКМК – “Навбаҳор”
Ушбу турнинг яна бир марказий ўйини Олмалиқда ўтказилади. Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМК Сергей Лушчан устозлик қилаётган “Навбаҳор”ни қабул қилади. Наманганликлар 7 август куни Жиззахдаги “дахшатли” учрашувда қўшимча вақтларда 2:3 ҳисобидаги ғалабани расмийлаштириб Ўзбекистон Кубоги ярим финалига йўл олди. Энди эса уларни ОКМКга қарши яна бир мураккаб баҳс кутмоқда. Бу билан наманганликлар энди Суперлигадаги иштирокини ҳам бошлайдилар. ОКМК чемпионатни барқарор ўтказиб мусобақа жадвалида “Насаф” билан бирга пешқадамлик қилиб келяпти. “Навбаҳор” Лушчан келгач, ўйин томонлама ўзгарганини Жиззахдаги беллашувда кўрсатди. Олмалиқда оддий ўйин бўлмайди.
20:00. “Сурхон” – “Қизилқум”
Ўзбекистон Кубоги чорак финалида “Андижон”га қарши учрашувда асосан иккинчи таркиби ва ёшларни майдонга туширган “Қизилқум” бор эътиборини Суперлигага қаратган. Олдинда уларни “Сурхон”га қарши учрашув кутяпти. Навоийликлар “Андижон” билан ўйинда “карта”ларини очмади. Етакчиларини “Сурхон” билан учрашувга асраб қўйди. Бу баҳсда имкониятлар тенг, қолганини майдонда кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар