Наманган вилояти ҳокими: "Навбаҳор" ўз анъаналарига эга жамоа ҳамда клубни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз"
Суперлиганинг сўнгги 26-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Андижон” (3:3) учрашувининг танаффус пайтида Наманган вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкатжон Шокиржанович Абдураззоқов жамоамизнинг кийиниш хонасига кириб, “Навбаҳор” футболчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, қуйидаги сўзларни гапирди:
"Бу йилги мавсум учун барчангларга раҳмат! Ўзбекистон Кубоги финалидан сўнг биз клуб концепциясини ўзгартириш борасида ўйлаяпмиз. Биз яхши фаолият олиб бордик, шу жумладан, жорий мавсумда ҳам. Сўнгги тўрт йил ичида “Навбаҳор” икки марта Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди, кумуш медални қўлга киритди, Осиё Чемпионлар лигасида қатнашди. Кўп йигитлар ҳаракат қилишди ва бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Жамоамиз яна ўсишда давом этади. Биз бу масалада бош мураббий билан биргаликда иш олиб боряпмиз, айрим футболчиларга алоқага чиқдик. “Навбаҳор” ўз анъаналарига эга жамоа ҳамда клубни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз.
Бугунги ўйинда ўз бурчингизни бажарган ҳолда клуб шаъни учун майдонга тушиб, жорий мавсумни муносиб тарзда якунлайсизлар, деган умиддаман. Бошқа сўзга ҳожат йўқ. “Навбаҳор” клуби футболчиларнинг шартномаларидаги мажбуриятлари ҳамда молиявий масалаларни тез муддат ичида бажаришга ҳаракат қилади. Барчага омад! - деди Шавкатжон Абдураззоқов.
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар