Наманганда "Андижон тайм" ёхуд "Навбаҳор" 4 та гол урган ўйинда ғолиб аниқланмади

TIGGO 2 PRO

Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган водий дербисига тайёргарлик жуда катта бўлди. Бундай дерби энди оддий ўйин тоифасидан эмас. Айтиш керакки, бу каби қарама-қаршилик йирик кўринишда ва катта аудиторияни кенг қамровга олгани билан ҳам диққатга сазовор.

“Навбаҳор” ва “Андижон” клублари бир-бири учун принципиал рақиблигини барча яхши билади. Ўтган йилги тарихий учрашувлар сўзимизни тасдиқлайди. Жамоаларнинг навбатдаги тўқнашуви ҳам олдиндан кутилганидек, “оловли” ҳароратда ўтди. Бунда албатта мухлисларнинг роли беқиёс. “Андижон” фан-клуби Намангандаги “Марказий” стадионни “ёндирди”. Андижонда “Бургутлар”ни қўллаш учун 5000 га яқин мухлислар Наманганга келдилар. “Ултрас Бургут” чиндан ҳам катта даража. Нодирбек Тўйчиев бошчилигидаги мухлислар армияси ўйиннинг ҳароратини янада ошириб юбордилар. Бундай муҳитда тўп суриш исталган футболчига завқ бағишлайди.

Ўйин “Андижон” учун омадсиз бошланди. Чунки дастлабки дақиқалардаёқ мезбонлар гол уришди. Лекин “Андижон” футболчилари бу голга тезда реакция кўрсата олдилар. Ислам Машуков қулай тўп узатишини қабул қилиб, жарима майдони ичида маҳоратини ишга солган ҳолда рақиби ва дарвозабонни ортда қолдириб, ўткир бурчакдан бўлишига қарамай, дарвоза томон зарба йўллади ҳамда тўп рақиб ўйинчисига тегиб дарвоза тўридан жой олди. Бунда албатта Машуковнинг меҳнати катта бўлди. Гарчи яна голли имкониятлар бўлса-да, танаффусгача шу ҳисоб ўзгармади.

Иккинчи бўлим ҳам шиддатли бошланди. 52-дақиқада мезбонлар футболчиси Аббос Ғуломов ҳисобни ўзгартирди. Иккала жамоа ҳам ўз мухлислари қаршисида ва бундай дербида мағлуб бўлишни сира хоҳлашмасди. Шу боис футболчилар майдонда бир-бирини аямадилар, ҳар бир тўпга жон-жаҳдлари билан курашдилар. Бир вазиятда Мирзад Механович Шохмалик Комилов билан марказда тўп учун курашди ва жароҳат олишди. Бош ҳакам эса ВАРни кўргач, Механовични майдондан четлатди.

Водий дербиси оддий ўтиши мумкин эмас, унда албатта кескинлик, асабийлик, тиним билмаслик ва курашувчанлик юқори даражага чиқади. Ҳакам тўхталишлар учун 10 дақиқа қўшиб берди. Ўша дақиқалар ичида “Навбаҳор” футболчисига ҳам қизил карточка кўрсатилди. Сўнгги дақиқаларда эса “Андижон тайм” ишга тушди. Бурчакдан узатилган тўпдан кейин жарима майдони ичида Ислом Маматказин тўп учун курашди ва яна рақиб ўйинчиси тўпни ўз дарвозасига киритиб қўйди. Натижада юқори темпдаги дербига ўзига мос ва хос равишда нуқта қўйилди. Ёдингизда бўлса, ўтган йилги чемпионатнинг охирги турида Намангандаги баҳсда “Андижон” 2:3 ҳисобида ғалаба қозонаётган маҳалда мезбонлар охирги дақиқада гол уриб мағлубиятдан қутулиб қолишганди. Бу сафар эса “Андижон” иродасини, характерини кўрсатиб, сўнгги дақиқада керакли голни урди.

Бу каби ўйинлар шубҳасиз Суперлиганинг интригаси ҳамда унинг даражасини оширишда давом этади.  

“Навбаҳор” – “Андижон” – 2:2 (1:1).

28 март. Наманган. “Марказий” стадион. 15420 томошабин.

Ҳакамлар: Ильгиз Танташев, Тимур Гайнуллин, Андрей Цапенко

Захира ҳаками: Шахбоз Азимов

ВАР: Никита Мустафин

АВАР: Бахтиёрхўжа Шавкатов

Назоратчи: Владислав Цейтлин

Комиссар: Диёр Ҳотамқулов

“Навбаҳор”: Умид Эргашев, Азим Аҳмедов (Жавоҳир Абдужабборов, 62), Шохмалик Комилов (Шахзод Тоиров, 75), Гильерме Гедеш, Габриел Алвес, Саидазамат Мирсаидов, Бенжамин Теди, Сергей Карпович, Аббос Ғуломов (Руслан Жиянов, 80), Забиҳилло Ўринбоев (Педро Карвальо, 75), Шахзод Убайдуллаев (Алишер Одилов, 62).

“Андижон”: Элдор Адҳамов, Ислом Маматказин, Лука Ускокович, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов (Дониёр Абдуманнопов, 68), Искандар Шойқулов (Алтин Крезиу, 68), Усмонали Исмоналиев (Сардор Азимов, 86), Муҳаммадкарим Тоиров (Рустам Турдимуродов, 86), Мирзад Механович, Бектемир Абдуманнонов (Фарҳод Соҳибжонов, 82), Ислам Машуков.

Голлар: Забиҳилло Ўринбоев, 2 – 1:0. Гильерме Гедеш, 6-автогол. – 1:1. Аббос Ғуломов, 52 – 2:1. Бенжамин Теди, 90+8-автогол. – 2:2.

Огоҳлантиришлар: Шохмалик Комилов, 40+3. Саидазамат Мирсаидов, 90+3. Қобил Олимжонов, 90+6 (дарвозабонлар мураббийи).

Четлатишлар: Мирзад Механович, 72. Саидазамат Мирсадиов, 90+6.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Olimov imomali
29/03/2025 11:27
Gedish... Tedi formani rangiga qarash kerak edi ehhh bola bola