Наманганда ҳақиқий драма ёхуд "Андижон" "Навбаҳор"га яна 3 та гол урди
Суперлиганинг сўнгги турини “ёндирган” ўйин шубҳасиз “Навбаҳор” – “Андижон” жамоалари ўртасидаги водий дербиси бўлди. Яқинда Ўзбекистон Кубоги финалида ҳам мазкур клублар тўқнаш келиб унда “Андижон”нинг 3:2 ҳисобида қўли баланд келгани ҳолда Кубокни боши узра кўтаргани ёқимли онларни тақдим қилган бўлса, бу наманганликлар учун табиийки, ёқимсиз эди.
Бу азалий рақибларнинг навбатдаги тўқнашуви ҳам доимгидек катта қизиқишлар доирасида бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ғалаба учун курашадиган “Лочинлар” ва “Бургутлар” қарама-қаршилиги очиқ футболга айланиб кетди. Баҳс мобайнида жамоаларда яққол голли имкониятлар етарлича кузатилди. Дарвозабон Элдор Адҳамов бир қатор вазиятларда ўз маҳоратини намойиш этди. Бўлимнинг охирида, ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқада марказдан ажойиб тўп узатилишини Сардор Азимов гол билан якунлашга эришди. Лекин ўша вазиятда унинг ўзи қўлидан жароҳат олгани боис мажбурий ўзгаришга қўл урилди.
Иккинчи бўлим янада қизиқарли кечди ва голларга бой тарзда кечди. Танаффусдан сўнг ҳам “Андижон” Элдор Суюнов дарвозаси олдида кескин ва хавфли ҳужумларни содир этишда давом этди. Бироқ 53-дақиқада “Навбаҳор” пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Бу вазифани Жамшид Искандеров бажарди. Орадан кўп ўтмасдан наманганликларнинг сербиялик легионери Йован Жокич жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди. Лекин мезбонларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Орадан икки дақиқа ўтгач, ўз имкониятларидан фойдаланишда омади чопмаётган Рустам Турдимуродов бу сафар ҳаммасини тўғри бажарган ҳолда имкониятдан унумли фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди. 71-дақиқага келиб эса “Андижон” яна ҳисобда олдинга чиқиб олди. Бу сафар ҳимоячи Ислом Маматказин жарима майдони ичида тўпни охисталик билан дарвозанинг юқори қисмига жойлаб қўйди. У Ўзбекистон Кубоги финалида ҳам наманганликлар дарвозасини ишғол қилгани мухлисларнинг ёдида. Худди Кубокда бўлгани саби бу гал ҳам “Андижон” сафарда “Навбаҳор” устидан 2:3 ҳисобида ғалаба қозонаётгани таблода порлаб турганди. “Бургутлар” учинчи голдан кейин ҳам яна қатор голли имкониятларга эга бўлди. Айниқса, Бектемир Абдуманнонов кутилмаганда тўпни бўш қолган дарвозага йўллай олмай қолди. Акс ҳолда ўйин тақдири ҳал қилинган бўларди. Бироқ ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқанинг охирги сониясида, 90+7-дақиқада “Навбаҳор” ҳисобни тенглаштирган ҳолда мағлубиятдан қутулиб қолди.
Стадиондаги муҳит ўйинга мос тарзда “ёнди”. “Андижон” фан-клуби юқори даражадаги фаоллигини намойиш қилди ва жамоани қўллаб-қувватлади. Бу ҳам албатта жамоа аъзоларига қўшимча мотивация бағишлаб турди.
“Андижон” бу йил “Навбаҳор”га қарши жами тўрт марта майдонга тушди. 2 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият кузатилди. “Бургутлар” бунгача биринчи даврада ва Кубок финалида рақиб дарвозасига 3 та гол урганди ва бу ўйинда ҳам улар яна 3 та гол уришди. Умумий ҳисобда “Андижон” тўртта учрашувда 10 та гол урди ва 7 та тўп олиб чиқди.
“Навбаҳор” – “Андижон” – 3:3 (0:1).
30 ноябрь. Наманган. “Марказий” стадион. 7500 томошабин.
Ҳакамлар: Достон Мирзараимов, Руслан Серазетдинов, Бахтиёрхўжа Шавкатов
Захира ҳаками: Мумтоз Тошмуродов
Назоратчи: Бахтиёр Намозов
Комиссар: Ойбек Юнусов
“Навбаҳор”: Элдор Суюнов, Саидазамат Мирсаидов, Филип Иванович (Руслан Жиянов, 57), Фарруҳ Сайфиев (Комил Тожиддинов, 46), Азим Аҳмедов, Сияваш Ҳақназари, Одил Ҳамробеков, Йован Жокич, Жамшид Болтабоев, Жамшид Искандеров, Гиорги Никабадзе (Наврўз Иминжонов, 46).
“Андижон”: Элдор Адҳамов, Илдар Маматказин, Ислом Маматказин, Абдулвоҳид Ғуломов, Абдураҳмон Комилов (Фарҳод Соҳибжонов, 66), Сардор Азимов (Илҳом Алижонов, 46), Леван Арвеладзе, Муҳаммадкарим Тоиров (Фарҳод Бекмуратов, 66), Дамир Темиров, Бектемир Абдуманнонов (Абинур Нуримбет, 90+4), Рустам Турдимуродов (Шахром Самиев, 80).
Голлар: Сардор Азимов, 45+1 – 0:1. Жамшид Искандеров, 53-пен. – 1:1. Йован Жокич, 58 – 2:1. Рустам Турдимуродов, 60 – 2:2. Ислом Маматказин, 71 – 2:3. Руслан Жиянов, 90+7 – 3:3.
Огоҳлантиришлар: Азим Аҳмедов, 14. Филип Иванович, 41. Одил Ҳамробеков, 90+1 – Дамир Темиров, 73. Рустам Турдимуродов, 80.
Фикрлар