
Наманганда водий дербиси кутмоқда. Жамоаларнинг статистикаси қандай?
28 март оқшомида барчамизнинг эътиборимиз Наманганда ўтадиган водий дербисига қаратилиши шубҳасиз. Турнинг марказий учрашувига ҳар доимгидек ортиқча афишанинг ҳам ҳожати йўқ.
Барчага маълумки, ҳар қандай вазиятда ҳам “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари ўртасидаги беллашув аншлаг ҳолатда, жиддий қарама-қаршилик руҳи остида ўтади.
Ўтган йилги “даҳшатли” ўйинлар барчанинг ёдида эканлиги табиий. Ўзбекистон Кубогининг унутилмас финали бунга ёрқин мисол бўла олади.
2024 йилги мавсумда “Андижон” Кубокдаги бетакрор ғалабадан ташқари Суперлига доирасида ҳам мухлисларини хурсанд қила олган. “Бобур арена”даги беллашувда “Навбаҳор” 3:0 ҳисобида таслим этилган бўлса, Намангандаги баҳсда жанговар дуранг кузатилган – 3:3.
Ҳисоб бўйича “Навбаҳор” ва “Андижон” клублари миллий чемпионатимизда 56 бор куч синашишган. Наманганликларда 27, андижонликларда эса 13 ғалаба бор. Яна 16 та ўйинда кучлар тенг келган. Тўплар нисбати 80-57 “Навбаҳор” фойдасига.
“Андижон” Намангандан 2021 йилги мавсумда 0:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган ва ҳозирча бу “Бургутлар”нинг “Навбаҳор” майдонидаги ягона муваффақияти бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, “Навбаҳор” – “Андижон” беллашуви 28 март куни, Намангандаги “Марказий” стадионда соат 19:30 да бошланади.
Фикрлар