Наманганда юбилей ўйин! "Динамо" ҳали "Навбаҳор" майдонида ютмаган
Ўзбекистон Coca Cola Суперлигаси 21-тури доирасида жамоамиз ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо” клубини қабул қилади.
Мазкур жамоалар шу кунгача Суперлига (олий лига) баҳсларида 49 марта ўзаро рўбарў келишган.
Ушбу ўйинларда наманганликлар 27, “кўҳна шаҳарликлар” эса 13 марта зафар қучишган бўлса, 9 та учрашувда дуранг натижа қайд этилган. Тўплар нисбати – 86-43, “Навбаҳор” фойдасига.
Ўзаро ўйинларда “лочинлар” 90, “арслонлар” эса 48 очкони қўлга киритишган.
Ушбу клублар ўртасидаги ўйинларда энг йирик ҳисоб 1996 ва 1997 йиллари Наманганда қайд этилган. Ўша мавсумларда “Навбаҳор” “Динамо” устидан тегишлича 6:0 ҳамда 7:1 ҳисобларида зафар қучган.
Эътиборлиси, самарқандликлар шу пайтгача наманганликларни йирик ҳисобда мағлубиятга учрата олишмаган.
Мазкур жамоалар шу кунгача Наманганда ўзаро 24 та учрашув ўтказган. Ушбу ўйинлардан 18 тасида “Навбаҳор” ғалаба қозонган бўлса, яна 6 та баҳсда дуранг қайд этилган.
Факт: “Динамо” ҳали Наманганда зафар қуча олмаган. Наманганда бўлиб ўтган учрашувларда тўплар нисбати - 54-10, жамоамиз фойдасига.
Ушбу клубларнинг биринчи даврада Самарқандда кечган баҳсида “лочинлар” Рустамжон Ашурматовнинг учрашувнинг ҳакам томонидан қўшиб берилган 90+2-дақиқасида урган голи эвазига 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
“Навбаҳор“ ПФК матбуот хизмати.
Фикрлар