"Насаф" - "Нефтчи": Матнли трансляция

Ўзбекистон Суперлигаси 25-туридан ўрин олган "Насаф" - "Нефтчи" учрашуви бошланди. Қуйида мазкур баҳсдан матнли трансляция эътиборингизга ҳавола этилади.

  • 90+7'

    Учрашув якунланди. "Насаф" ўз майдонида "Нефтчи"га мағлуб бўлди.

  • 90+6'

    Шароф Муҳитдиновнинг зарбаси анча ноаниқ кетди.

  • 90+6'

    "Насаф"да сўнгги имконият. Ёки ҳозир, ёки ҳеч қачон!

  • 90+5'

    Фарғоналиклар рақиб дарвозаси томон интилишдан кўра кўпроқ вақт ўтишини истаяпти.

  • 90+3'

    Қаршиликлар ҳужумларида пала-партишлик кузатилмоқда.

  • 90+2'

    Ҳамон "Насаф"нинг аксарият ҳужумлари зарбасиз якунланмоқда.

  • 90'

    Ўйиннинг асосий вақтига 5 дақиқа қўшилди.

  • 89'

    Улуғбек Ҳошимов ўрнига Дарко Станоевич майдонга тушди.

  • 87'

    Қаршиликлар голга реакция билдириш мақсадида олдинга ташланмоқда.

  • 85'

    ГОООООООООЛЛЛЛЛЛЛЛ! Учрашувда ҳисоб очилди!

    Иззатилла Абдуллаевнинг кучли зарбасидан сўнг тўп тўсинга тегиб, дарвоза тўридан жой олди.

  • 83'

    Тўлиқ устунлик қаршиликлар томонда бўлиб турибди.

  • 81'

    Саитов ва Бозоров ўрнига Муҳитдинов ҳамда Абдираҳматов ўйинга қўшилди.

  • 78'

    Алиқулов икки бор шериги узатган тўпни дарвозага йўллай олмади. Дарвозабон тўпни ушлаб олди.

  • 77'

    Ойбек Бозоровнинг кучли зарбаси йўлига Лутфулла Тўраев блок қўйди.

  • 76'

    Умар Адҳамзодага сариқ карточка кўрсатилди.

  • 75'

    Жарима майдони ичида Давронов йиқитилди. Ажойиб имконият.

  • 72'

    "Нефтчи" футболчилари бутун жамоа бўлиб ҳимояланмоқда.

  • 70'

    Лимадан зарба! Аммо тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди.

  • 69'

    "Насаф" футболчилари бор кучи билан олдинга ташланмоқда.

  • 67'

    Жарима майдонига оширилган тўпга Лима зарба беролмади. Яна бир якунсиз ҳужум.

  • 65'

    Ғолиб Ғайбуллаев ўз ўрнини Баҳром Абдураҳимовга бўшатиб берди.

  • 63'

    Бозоровнинг уриниши ноаниқ. Қаршида ҳамма асабийлашмоқда.

  • 61'

    Ҳусаин Норчаевнинг зарбасидан кейин хавфни Тўраев бартараф этди.

  • 58'

    Бердиев шогирдлари қанотларни анча фаол ишга соляпти.

  • 56'

    Қаршиликлар анча фаол ўйин намойиш этишга киришди.

  • 52'

    Лима Круздан яна бир боши билан берган зарбаси дарвоза тўсинидан ошиб ўтди.

  • 50'

    Сирожиддин Қўзиев ажойиб зарба йўллади. Абдувоҳид Неъматов қийинчилик билан тўпни қайтаришга эришди.

  • 47'

    Лимадан зарба, Тўраев ўз ўрнида.

  • 46'

    Иккинчи бўлимга старт берилди!

  • 46'

    Футболчилар майдонга қайтди, биз ҳам қайтамиз.

  • 45+3'

    Биринчи таймда ҳисоб очилмади. Танаффус!

  • 45+2'

    "Аждарлар"нинг иштиёқи бироз баландлик қилмоқда чоғи, асабийлашиб, бироз кўпроқ қўполлик ишлатяпти.

  • 45+1'

    Шерзод Насруллаев огоҳлантирилди.

  • 45'

    Биринчи таймга 3 дақиқа қўшилди.

  • 44'

    Мозговой зарба йўллаш имкониятидан фойдалана олмади, сирпанчиқ майдон ўйин сифатига таъсир кўрсатмоқда.

  • 44'

    Бердиев шогирдлари бўлим сўнгини ҳам нисбатан фаолроқ ўтказяпти.

  • 42'

    Жарима майдонига яқин ҳудудда Соловьёв йиқитилди. Стандарт вазият.

  • 40'

    Шаҳзод Убайдуллаевнинг узоқ масофадан берган зарбасини Неъматов ушлаб олди.

  • 39'

    Саитовнинг биринчи зарбасини дарвозабон бартараф этди. Иккинчи уринишдан сўнг тўп юқоридан ўтиб кетди.

  • 38'

    Шифокорлар Абдувоҳиднинг бошини махсус боғич билан боғлаб қўйди. Ҳар эҳтимолга қарши, захира ўриндиғидаги Умиджон Эргашев майдонга тушишга тайёрлигини билдирди.

  • 37'

    Раҳимбек Каримов Шаҳзодга сариқ карточка кўрсатди.

  • 36'

    Жиддий тўқнашув, Убайдуллаев ҳавода Неъматовнинг танасига зарба бериб юборди.

  • 35'

    Бурчакдан оширилган тўпни ҳимоячилар қайтарди, такрорий зарба дарвозабоннинг қўлига бориб тушди.

  • 34'

    Қанотлардан "Нефтчи" жарима майдони томон узатилаётган тўпларнинг барчаси ҳимоячилар томонидан узоқлаштирилмоқда.

  • 32'

    Тўп назорати Левченко шогирдлари томонга ўтмоқда, қаршиликлар прессингда яхши ишлаяпти.

  • 30'

    "Насаф" ҳужумларини якунлайдиган "найзанинг учи" топилмаяпти.

  • 28'

    Улуғбек Ҳошимовнинг бош билан йўллаган зарбасидан сўнг тўп тўсиндан қайтди.

  • 25'

    Темп бироз пасайди. Тезкор гол ура олмаган томонлар энди озроқ куч тўпламоқчи шекилли.

  • 23'

    Марказга яқин ҳудудда "йўлбарслар" стандарт вазиятга эга бўлди, бу нуқтадан тўпни жарима майдонига етказиш анча қулай.

  • 21'

    Қаршиликларнинг яна бир ҳужуми зарбасиз якунланди.

  • 19'

    Курашлар асосан майдон марказида кечмоқда.

  • 17'

    Жароҳат олган Аббос Ғуломов ўрнига Сирожиддин Қўзиев майдонга туширилди.

  • 15'

    Тўп назорати Бердиев шогирдларида. Меҳмонлар қарши ҳужумларга таянмоқда.

  • 13'

    Соловьёв марказда жиддий қўполлик ишлатди. Каримов ВАРни кўриб, сариқ карточка билан чекланди.

  • 12'

    Фарғоналиклар ҳам бироз фаоллашди. Баҳс тенг курашлар остида давом этмоқда.

  • 10'

    Шунингдек, асабларини жиловлай олмаган Ҳусниддин Алиқуловга сариқ карточка кўрсатилди.

  • 9'

    Рефери жанжалга сабаб бўлган Ғайбуллаев ва Ғофуровни тартибга чақирди. Ўйинни давом эттириш мумкин.

  • 8'

    Футболчилар ўзаро тортишиб кетишди. Вазиятга ҳакам аралашди.

  • 6'

    Дилшод Саитовнинг узоқ масофадан берган зарбаси ноаниқ кетди.

  • 5'

    "Аждарлар"нинг ўнг қаноти анчагина фаол.

  • 3'

    Бозоров-Мозговой комбинациясидан сўнг Ойбек жарима майдони ичига ёриб кирди, аммо тўпни йўқотди.

  • 1'

    Илк ҳужум мезбонларда: Насруллаевнинг узатмасидан сўнг ҳимоячилар тўпни қайтарди.

  • 1'

    Ўйин бошланди!

  • 0'

    Ҳакамлар икки жамоа сардорлари иштирокида расмий жараёнларни ўтказиб олди.

  • 0'

    Футболчилар майдонга тушиб келди. Учрашув стартига бир неча дақиқа қолмоқда...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!