"Насаф" атрофидаги хавотирли сукунат: якуний қарор қандай бўлади, келажакчи?

Сўнгги кунларда "Насаф" футбол клуби атрофида турли гап-сўзлар болалаб бормоқда. Муҳим жиҳати шундаки, ҳозирча бу борада ҳеч қандай расмий баёнот берилгани йўқ. Клуб фаолияти тугатилаётгани ёки молиялаштириш тўхтатилгани расман  эълон қилинмаган. Аммо футбол жамоатчилигида “шамоллар” бежиз эсмаяпти.

Гап шундаки, "Насаф"нинг асосий ҳомийси бўлган "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидаги "Шўртан газ-кимё мажмуаси" томонидан ҳомийликни тўхтатиш бўйича лойиҳалар тайёрланган ва раҳбариятга тақдим этилган.  

Бугунги ҳолат: якуний қарор йўқ, мавҳумлик эса давом этмоқда. Мавҳумлик – энг мураккаб жараён. Ҳозир "Насаф" билан айнан шу ҳолат юзага келган:

- Клубнинг келгуси мавсум учун сметаси тасдиқланмаган;
- Шартномалар ва келгуси режалар музлатилган ҳолатда;
- Футболчилар, мураббийлар ва академия келажаги савол остида.

Расмий “тўхтади” деган қарор бўлмаслиги мумкин, аммо молиявий мавҳумлик ҳар қандай клубни боши берк кўчага етаклайди. Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни эътибордан четда қолдириб бўлмайди. "Насаф" — оддий клуб эмас, балки  Ўзбекистон миллий ва ёшлар терма жамоалари, умуман ўзбек футболи  учун иқтидорли ўйинчиларни тарбиялаб бераётган асосий “фабрика”лардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. 

Яқинда бўлиб ўтган 2025 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида терма жамоаларга энг кўп футболчи етказиб берган 3 жамоа қаторида "Насаф" ҳам эътироф этилди. Мундиалга чиқишимизда улкан ҳисса қўшган Абдувоҳид Неъматов, Ҳусниддин Алиқулов, Акмал Мозговой, Одил Ҳамробеков каби футболчилар айнан "аждарлар" тарбияланувчилари ҳисобланади.

Бундай клублар фаолиятини тўхтатса, бу ҳолат фақат Қарши шаҳри ёки  Қашқадарё вилояти миқёсида эмас, балки  бутун миллий футбол тизимига сезиларли зарба бўлади. Терма жамоа манфаати йўлида ишлаётган, тўғри тизимга эга бўлган, миллий жамоаларимизни сифатли кадрлар билан таъминлаб келаётган манбани бой бериш, футбол ривожига салбий таъсир ўтказиши турган гап. 

Ислоҳотми ёки шошма-шошарлик?

Давлат корхоналарининг спортни молиялаштиришни босқичма-босқич тўхтатиши – тушунарли жараён. Аммо бу ўзгаришлар аниқ ишлаб чиқилган режасиз, ўтиш даврисиз ва муқобил ечимларсиз амалга оширилса, миллий футболимизга самарасидан кўра зиёни кўпроқ бўлиши мумкин. Айни пайтда "Насаф" мисолида айнан шундай хавотир пайдо бўлмоқда: клуб келажаги бўйича аниқ қарор эълон қилингани йўқ, лекин клубнинг иқтисодий асоси тобора заифлашиб бормоқда. 

Ҳозир энг муҳим савол ҳам очиқ: Агар ҳомийлик тўхтатилса, "Насаф" қай шаклда ва қачонгача сақлаб қолинади?

Бу саволга аниқ жавоб бўлмаса, энг кучли клуб ҳам аста-секин тарихга “шўнғишиб” боради. Пайдо бўлган бўшлиқни тўлдириш эса, йилларни талаб қилиши мумкин. Зеро, ўзбек футболи мухлислари “Насаф” клубининг нафақат мамлакат миқёсидаги, балки халқаро майдондаги зафарли одимларини жуда яхши билади. "Насаф" клуби ўз тарихида 4 карра Ўзбекистон Суперкубоги, 4 карра Ўзбекистон кубоги, шунингдек, 1 маротабадан Ўзбекистон Суперлигаси ва ОФК Кубогини қўлга киритган ва мухлислар қалбидан жой олган жамоадир.


                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                       Ойбек Юлдошев мақоласи

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!