
“Насаф” футболчилари талабалар билан учрашув ўтказишди
Стадионларга мухлислар ташрифини ошириш, кенг жамоатчиликнинг миллий футболимиз ва чемпионатимизга бўлган қизиқишини орттириш мақсадида Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бир қатор лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширмоқда.
Йил бошидан буён Суперлига клублари футболчилари ва мураббийлари тез-тез Олий таълим муассасаларига ва бошқа ўқув юртларига ташриф буюриб, талаба ёшлар билан учрашув ҳамда суҳбатлар ташкил этишмоқда.
ЎзПФЛ Мухлислар билан ишлаш ва оммавий спорт тадбирларини ўтказиш бўлими вакиллари ташаббуси билан бугун Қаршидаги Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Насаф” футбол клуби аъзолари ва талаблар ўртасида учрашув ўтказилди.
Қизиқарли суҳбат ва савол-жавоб тарзида кечган учрашувда “Насаф” жамоаси футболчилари – Дониёр Нарзуллаев, Бобир Абдухолиқов, Акмал Мозговой ва Ойбек Бозоров, шунингдек, клуб матбуот хизмати ва маркетинг бўлимлари, мухлислар билан ишлаш бўлими вакиллари иштирок этишди. Футболчилар талабларни қизиқтирган саволларга бафуржа жавоб қайтаришди.
Шунингдек, клуб маркетинг бўлими вакиллари “Насаф” томонидан мухлислар учун яратилаётган қулайликлар, талабалар учун чиқарилган арзон абонементлар ҳамда клуб аттрибутикаларини паст нархларда сотиб олиш мумкин экани ҳақида сўзлаб беришди.
Бундай учрашувлар юртимизнинг барча ҳудудларида йил давомида ташкил этиб борилади.
Комментарии