Насри 4 йилга футболдан четлатилиши мумкин

Қонуний жиҳатдан Англиянинг “Манчестер Сити” клубига тегишли ва айни дамда “Севилья” жамоасида ижара асосида тўп сураётган Самир Насри 4 йилга дисквалификация қилиниши мумкин.  Бу ҳақда Football Espana нашри хабар тарқатмоқда.

Аввалроқ эса Испания антидопинг агентлиги франциялик футболчи устидан жиддий текширув олиб бориши мумкинлиги айтилаётган эди.

Маълум бўлишича, Насри витамин билан даволашга ихтисослашган АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги DripDoctors клиникасида даволанган. Даволанишнинг бу тури допингни яшириш учун амалга оширилган бўлиши мумкин. Томир орқали муолажа ўтказиш WADA (халқаро антидопинг агентлиги) томонидан тақиқланган.

Маълумот учун, Самир Насри ушбу мавсум “Севилья” таркибида 11та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 2та гол ва 1та голли узатма ёздириб қўйишга эришган.

Аввалроқ "Севилья" Насрини тўлиқ сотиб олиши мумкинлиги борасида хабарлар тарқалган эди.