Натижага эришиш учун вақт керак деб жар солаётганлар Бошковичдан ўрганинглар!

Суперлигада қатор мураббийларнинг истеъфолари кузатиляпти ва барчасидан яхши хабардор бўлсангиз керак. Мураббий ўзгартиришдан мақсад нима? Натижани яхшилаш. Айтайлик, “Турон” ҳам мураббийини ўзгартирди ва россиялик Денис Бушуев олиб келинди. Бироқ бу ўзгариш ҳозирча ўзини оқлаётгани йўқ. Чунки “Турон” ушбу мутахассис бошчилигида кетма-кет учта учрашувдан бери мағлубиятга учраяпти. Мураббий ўзгартириши борасида энг тўғри танлов “Сўғдиёна”да бўлган экан-а?!

Ёрқин Назаров бош мураббийлигидаги “Сўғдиёна” билан Иван Бошкович бошқараётган “Сўғдиёна” ўртасида албатта фарқ бор. Чемпионатни омадсиз бошлаб, мағлубиятлар сериясини қайд этган жамоа эндиликда ғалабали серияга тушиб олди. Ҳаммаси нимадан бошланди? Табиийки, бош мураббий ўзгаришидан!

бошкович4

Ёрқин Назаровга ҳурматни сақлаган ҳолда айтамизки, жамоа унинг бошчилигида ҳали ғалаба қозона олмаётганди. 1 дуранг ва 3 мағлубият қайд этилганди. Тўғри, жамоани ўзининг услубига мослаштиргунича яна бироз вақт керак эди. Бироқ раҳбарият ва мухлисларнинг натижалардан хурсанд эмасликлари аниқ эди. Раҳбарият эса мураббийни ўзгартиришни лозим топди ва бунинг учун энг мақбул вариант сифатида черногориялик Иван Бошкович номзоди маъқул кўрилди. У яхши мутахассислигини “Бунёдкор”даги иши орқали кўрсатиб қўйганди. Яхши мураббийлар узоқ вақт ишсиз қолиб кетмасликларини Бошкович мисолида ҳам кўрдик. Иван “Бунёдкор”дан кетиб орадан кўп ўтмасдан Жиззахда иш бошлади. Раҳбариятнинг танлови ўзини оқлаётганини натижаларда экс эта бошлади. Эндиликда жиззахликлар тубдан фарқ қилаётгандек. Бошкович жамоа ишқибозларини хурсанд қила олишини кўрсата олмоқда. “Сўғдиёна” кетма-кет 3 та беллашувдан бери ғалаба қозониб келяпти.

бошкович3

“Сўғдиёна” бунгача Суперлигада ўз ўрни борлигини кўрсатиб, совриндорлар қаторидан жой олганини биламиз. Рақобатбардош жамоанинг бу йилги мавсумни омадсиз бошлагани раҳбариятга ҳам, ишқибозларга ҳам оғир ботган кўринади. Бошкович уларга яна умид бағишлаяпти. Одатда, мураббий алмашгач, натижа келиши учун вақт кераклиги айтилади ва бу аслида ҳам тўғри. Юқорида бежизга “Турон” ва унинг устозини мисол келтирмадик. Яйпанликлар бош мураббий ўзгарса ҳам фақат ютқазяпти. Буни қарангки, бу турда Бошкович ва Бушуев тўқнашувига гувоҳ бўлдик ва унда Иваннинг қўли баланд келди. Учрашувдан кейин “Турон” мураббийи жамоасини таний олмаганини ва рақиб ҳаққоний тарзда ғалаба қозонганини тан олди. Шу билан бирга Бушуев натижани ижобий тарафга ўзгартириш учун вақт кераклигини айтди. Аммо Бошковичга вақтни кутиш ҳам керак эмас экан. Кўряпсизми, у мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган “Сўғдиёна”ни энди ғалабалар сериясига айлантира олди. Бу нимадан дарак? Иванга натижаларни яхшилаш учун вақт керак, деган тушунча ётми?

бошкович1

“Сўғдиёна” чиндан “Турон”га ҳеч қанақа имконият қолдирмади ва ҳақли тарзда ютди. Ўтган турда Фарғонада “Андижон” билан баҳсда омад ҳам улар томонида бўлди. Айниқса, иккинчи бўлим ўрталарида рақиб футболчисининг майдондан четлатилиши меҳмонларга қўл келганди. Бундан ташқари, ўшанда бош мураббийнинг ўйинчи алмаштиришлари ҳам ўзини оқлагани эътиборга молик.

Янада қизиғи, Бошкович бу таркибни ўзи тузмаган. У Ёрқин Назаров йиғган таркиб билан ишлаяпти ва эплаяпти. Шунинг учун черногориялик мутахассисга қойил қолса арзийди. Яна бир карра Бошкович истеъдодли мутахассис эканлигини намойиш эта оляпти. Жамоани қисқа фурсат ичида ўзининг ўйин фалсафасига мослаштираётгани ва бунинг ортидан натижа ҳам бўлаётгани диққатга сазовор. Шу кетиш бўлса “Сўғдиёна” Бошкович билан яна аввалгидек совринли ўринлар учун курашадиган жамоага айлана олиши мумкин. Таъбир жоиз бўлса, “Сўғдиёна” устози мураббий танлашда адашмади ва эндиликда Бошковичнинг рейтинги ҳам ошиб бораётгани рост.  

Шуҳратбек Жўраев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!