"Навбаҳор" билан ўйиндан сўнг "Бунёдкор" матбуот хизмати: VAR ишлади, лекин ишлатилмади…

Суперлига 7-турида "Навбаҳор" - "Бунёдкор" баҳси ўтказилди. Учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида зафар қучди.

Меҳмонлар матбуот хизмати ўйиндан сўнг клубнинг расмий телеграм саҳифасида қуйидагиларни баён этди: "Турнинг марказий ўйинларидан бири Наманган шаҳридаги «Марказий» стадионда бўлиб ўтди. Наманганлик ишқибозлар билан тўлиб тошган баҳс мақомига мос бўлди. Мухлислар 90 дақиқа давомида ҳужумкор руҳдаги учрашувни томоша қилди. Мезбонлар дарвозамиз томон белгиланган икки пенальтини биттасидан унумли фойдаланиб, ғалаба қозонган бўлса, бизнинг йигитлар ажойиб ҳужумни чиройли гол билан якунлашди.

Афсуски Иброҳим Томиванинг голи Намангандан очко билан қайтишимизга ёрдам бермади.

Афсуски, бош ҳакам Рустам Лутфуллин биринчи бўлимда тўп мезбонлар аъзоси Станислав Андреевнинг қўлига яққол тегиб, йўналишини ўзгартирган вазиятни VAR’да кўриб чиқмади.

Афсуски, иккинчи бўлимда рақиб томонидан юқорига тепилган тўп йўналишга орқаси билан турган Жаҳонгир Ўрозовнинг елка аралаш қўлига теккани VAR томонидан кўриб чиқилди ва дарвозамизга пенальти белгиланди.

Афсуски, дарвозабонимиз Суҳроб Султоновнинг пенальти тепилганда намойиш қилган сейви ҳам бизга очко тақдим этмади.
Афсуски, VAR ишлади, лекин биз учун бир марта ҳам ишлатилмади…"

Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази мутахассисларининг хулосаси тақдим этилди. 

Хусусан, “Навбаҳор” — “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги баҳснинг 39-дақиқасида мезбонлар футболчиси рақиб жарима майдончасига кириб келганда тўпга биринчи бўлди ва ҳимоячи уни аввал чап оёғи билан олд томондан, сўнг ўнг оёғи билан рақиб тиззасининг ортига контакт содир қилди. Ушбу вазиятда ҳакам 11 метрлик белгини кўрсатди. Мутахассислар фикрига кўра бу қарор тўғри бўлди.

Мазкур ўйиннинг 75-дақиқасида ҳаводан келган тўп “Бунёдкор” футболчисининг аввал елкасига, сўнг қўлига тегиб майдонни тарк этди. Тезкор динамикада бош ҳакам учун бу вазиятни кўриш мураккаб бўлгани сабаб, ҳолатни ВАР ҳакамлари кўриб чиқишди. Эҳтимолий пенальти учун ҳакам махсус мониторга таклиф қилинди. Вазиятни такрорий лавҳалар орқали кўрилгач, тўп аввал футболчининг елкасига, кейин эса қўлига теккани, қўл табиий ҳолатида эмаслиги сабаб пеналти белгилашга қарор қилди. Мутахассислар фикрига кўра ҳакам қарори тўғри бўлди.

Учрашувнинг 90+3 — дақиқасида “Бунёдкор” вакиллари бурчакдан тўпни ўйинга киритган вақтда жарима майдончаси ичида футболчилар йиқилди. Ҳакам бу вазиятда ҳимоячи ва ҳужумчи бир-бирини ушлаган деган қарорга келиб, ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди. ВАР ҳакамлари ҳам ҳолатни кўриб чиққач бош ҳакам қарорини маъқулладилар. Мутахассислар фикрига кўра ушбу вазиятда ҳам ҳакамлар қарори тўғри бўлди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!