“Навбаҳор” жамоасига санкциялар ҳавф солмоқда аммо клубга 700 миллион сўм мукофот пули ўтказиб берилди

Олдинроқ Тошкентнинг “Пахтакор” футбол клуби ҳисобига Суперлигада 2-ўринни эгаллагани учун 800 миллион сўм, шунингдек, футзал жамоаси мамлакат чемпионатида 2-ўринни қўлга киритгани учун 200 миллион сўм ўтказиб берилган эди.

Профессионал футбол лигаси клублар бўйнидаги қарздорлик масалалари ҳал бўлишига қараб, рағбатлантирувчи мукофот пулларини ўтказиб боришни режалаштирган.

Ўтган мавсумда Суперлига бронза медалларига эга чиққан Наманганнинг “Навбаҳор” клуби мавжуд қарздорликларини деярли тўлиқ бартараф этди. Клуб фақатгина Даврон Хошимов олдидаги қарздорликни тўлиқ ҳал этиб улгурмади. Агар мазкур масала яқин вақт ичида ечим топмаса, “Навбаҳор”га нисбатан санкциялар қўлланилиши эҳтимоли бор. Қолган жиҳатлар бўйича клубда қарздорликлар мавжуд эмас. Шу боисдан “Навбаҳор” клуби ҳам биринчилардан бўлиб мукофот пулларини қабул қилиб олди. Клуб ҳисобига 3-ўрин учун белгиланганидек 700 миллион сўм ўтказиб берилди. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси қолган барча клубларга ҳам ваъда қилинган мукофот пулларини босқичма-босқич ўтказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!