“Навбаҳор” шу пайтгача Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлуб этмаган! Бугун "лочинлар" ушбу нохуш анъанага чек қўя оладими?

"Навбаҳор" Cуперлига 9-тури доирасида Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби меҳмони бўлади. Клуб матбуот хизмати учрашувга оид маълумотларни тақдим этди.

Ўзбекистон чемпионатлари тарихида ушбу жамоалар ўзаро 30 маротаба куч синашишган. Ўтказилган ўйинларнинг 20 тасида “Бунёдкор” “лочинлар”ни мағлубиятга учратган. “Навбаҳор” эса 5 ўйинда ғалаба қозонган. Бешта учрашувда эса томонлар ўзаро дурангга имзо чекишган. Тўплар фарқидаги кўрсаткич 60-23, “қалдирғочлар” фойдасига. Ўзаро ўйинларда “Бунёдкор” 65 очко, “Навбаҳор” эса 20 очкони қўлга киритган.

Ушбу клубларнинг ўзаро ўйинларидаги энг йирик ҳисоб 2009 йили кузатилган. Ўша йили Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда “қалдирғочлар” 6:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.

Тошкентда бўлиб ўтган 15 ўйиннинг 13 тасида мезбонлар зафар қучишган, 2 учрашувда эса ғолиб аниқланмаган, тўплар фарқи: 36-8 пойтахтликлар фойдасига.

ФАКТ! “Навбаҳор” шу пайтгача Тошкентда “Бунёдкор”ни мағлубиятга учрата олмаган.

Бугун “Бунёдкор” стадионида соат 19:45да бошланадиган баҳсда наманганликлар нохуш анъанага чек қўя оладими? Буни бир неча соатдан сўнг билиб оламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!