“Навбаҳор” ва “Нефтчи” учун вазият жиддийлашмоқда
Ўзбекистон футболчилар уюшмаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Нефтчи” ва “Навбаҳор” клубларининг қарзларини ўз вақтида бартараф этмагани учун трансфер тақиқини жорий этганидан хабарингиз бор. Ушбу вазиятни яхшироқ ўрганиш мақсадида ЎФУ раҳбари Камолиддин Мурзоев билан алоқага чиқдик.
Мутахассиснинг маълум қилишича, клублар нафақат қарзларни ўз вақтида тўламаган, балки ЎФАга нисбатан ҳурматсизлик ҳам қилган. Хўш, вазият қай даражада чигал? Клублар трансфер тақиқидан қутулиб қолиш учун нима қилиши лозим? Шу мавзуга батафсил тўхталамиз.
- “Нефчи” ва “Навбаҳор”га огоҳлантириш хати юборилганмиди? Нега улар бунга реакция билдиргани йўқ?
- Бу масалада биз клубларга январь-февраль ойида мурожаат этганмиз. Фарғона клуби билан бироз муддат музокара ҳам олиб бордик, аммо ҳеч қандай жавоб бўлмаганиган сўнг иш “Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича” қўмитасига оширилди. Апрель ойида қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда “Навбаҳор” клубидан ҳеч ким иштирок этмаган. Ваҳоланки, 10 кун аввал уларга таклиф жўнатилган. Натижада, 14 апрель куни қарор чиқарилган. Унга кўра, қарздор тараф 20 кунда клублар тўлаши керак бўлган пулларни тўлаб бериши керак бўлган. Бу клублар томонидан ишга нопрофессионал қараш, бизнингча.
- Айни ҳолатда клублар тўлаши керак бўлган суммага энди жарима ҳам қўшиладими? Яъни, энди бир неча баробар кўпроқ сумма тўлашига тўғри келадими? Агар имкон бўлса, "Нефтчи" ва "Навбаҳор"нинг қанча сумма қарздорлиги борлиги ҳақида маълумот берсангиз?
- Яхши савол бердингиз. Ҳозирча бизда ЎФА регламентида қарздорликлар ўз вақтида бажарилмаса, жарималар қўллаш кўрсатилмаган. FIFAда эса бу нарса бор. Улар буни қарор чиқарилган муддатдан сўнг чора кўришни бошлайди. Янги кучга кирган меҳнат кодексида бу нарса кўзда тутилган. Ишчининг ҳар бир кеч қолган куни учун банк ставкасининг 10 фоизи белгиланган. Эндиликда, футболчилар олдида клубларда қарз бўладиган бўлса, шу ставка ҳам ўртага чиқади.
- Бу ҳолатни бартараф этиш учун клубларда қандай имконият бор? Яъни, тезроқ қарзни узиш орқали трансфер тақиқидан қутулиб қолиш имконияти борми?
- Мазкур вазиятда клубларда апеллация ёки мурожаатга ҳеч қандай йўл қолмаган. Имкон қадар вазиятни ечимига эришиш лозим. Ана шундагина, қўмита клубларга трансфер тақиқини олиб ташлаши мумкин. Бу ерда тақиқ регламентда кўрсатилган қарорни ҳурмат қилмаслиги сабабли юзага келди. Ўзбекистон футбол ассоциациясининг буйруғини бажармагани, унга беҳурматлик қилгани ҳам сабаб бўлди. Аслида, регламентга кўра, клубларнинг ЎФА чиқарган қарорга бефарқ экани жаримага сабаб бўлиши ҳам мумкин.
- Юзага келган ҳолат борасида клуб расмийлари сизлар билан алоқага чиқдими? Айни дамда, вазият яхши томонга ўзгариш арафасидами? Ёки ҳали-ҳамон ҳеч қандай қўнғироқ бўлмадими?
- Фақатгина “Навбаҳор” клуби расмийлари биз билан боғланди. Улар эътирозларини билдиришди. Биз ҳам уларга ҳудди шу кўрсатмаларни бердик. Биз анча аввал уларга ёзма равишда огоҳлантириш берганмиз. Агар ўша пайтдаёқ ўз важларини кўрсатишганида, қўмитанинг йиғилишида қатнашганида нимагадир эришиш мумкин эди. Асосий мақсадимиз - футболчи ва клублар меҳнат шартномасидаги профессионал мажбурийатларини бажарилишини таъминлаш. Бу тақиқдан ҳеч қандай футболчи наф кўрмайди. Бу шунчаки, қўмита қарорини ҳурмат қилишга ундалган нарса.
Авваллари клубларни қўллаб-қувватлаш мақсадида етарлича муддат вақт берилган. Эндиликда, ишни профессионал даражада олиб бориш мақсадида FIFA талаби ва регламентда кўрсатилган бандлар асосида иш олиб борилади. Клублар қарздорликни тезроқ бартараф этса, имкон қадар тез муаммони ҳал этиш имкони бўлади.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев суҳбатлашди
Фикрлар