"Навбаҳор" йирик ҳисобда ютади, "Локо"дан кўп нарса кутгандим" - Санъат Шихов 12-турнинг жуфтликлари ҳақида
Бугун Суперлиганинг 12-турига старт берилади. 19-22 июнь кунлари сиз билан бизни қизиқарли баҳслар кутяпти. Мухлислар яхши билган собиқ футболчи Санъат Шихов мазкур тур олдидан жамоаларнинг имконияти борасида фикр билдирди.
19 июнь
20:00. “Сурхон” – “Металлург”
“Бу ўйинда “Сурхон”ни фаворит ҳисоблайман. “Сурхон”ни ўйинлари жуда чиройли чиқяпти, қисқа ва узун паслар билан комбинацион ўйинни яхши йўлга қўйган. “Металлург” ҳимояда яхши ўйнайдиган жамоа ҳисобланади. Ушбу учрашувда “Сурхон” минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак”.
20 июнь
20:00. “Насаф” – “Нефтчи”
“Тўғриси, бу жуфтлик ҳақида қанақа фикр билдиришни ҳам билмаяпман. Сабаби иккита жамоа ҳам барқарор ўйин кўрсатмаяпти. Бу ўйинда уйида ўйнаётгани учун бироз устунлик “Насаф” томонида бўлса керак. “Нефтчи”ни ҳам таркиби зўр, қарши ҳужумда ўйнаб ҳар қанақа жамоани қийнаб қўйиши мумкин. Тахминим дуранг бўлса керак”.
20:00. “Навбаҳор” – “Қизилқум”
“Навбаҳор” Суперлигада энг кучли таркибга эга жамоа ҳисобланади, шуни ҳисобга олсак, ўйлашимча, бу ўйинда “Навбаҳор” йирик ҳисобда ғалаба қозонади. “Қизилқум” мавсумни яхши бошлади, аммо ҳозир жамоани ишлари юришмаяпти. Қарши ҳужумда жуда чиройли ўйнаётганди, жамоага барқарорлик етишмаяпти”.
21 июнь
20:00. “Бунёдкор” – “Олимпик”
“Бу жуфтликда “Олимпик” фаворит. “Олимпик”ни кўп ўйинларини томоша қилдим. Бу мавсум жамоа анча барқарорлашган, ўзига ишонч билан ўйнашяпти. Тўп назорат қилиш ва рақибга қараб тактика ўзгартирадиган, ўйин пайти ҳам ўйинини назорат қила оладиган кам сонли жамоа. “Бунёдкор”ни таркиби ёмон эмас. Мураббий ўзгаргандан кейин ўйини анча ўзгарган, мураббий имзоси кўриниб турибди. Ҳужумда ҳам тажрибали ўйинчилари бор. Зўр жамоа, лекин бу ўйинда “Олимпик”ни ғалабасини тахмин қиламан”.
20:00. ОКМК – “Пахтакор”
“Деярли бир хил футбол ўйнайдиган иккита жамоа. Тўп назоратини яхши кўрадиган жамоалар. Ўйлашимча, бу ўйин дуранг бўлади, ОКМК ушбу баҳсда 1-рақамли бўлиб ўйнаса керак, “Пахтакор” қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилади”.
22 июнь
20:00. “Динамо” – “Андижон”
“Динамо” охирги учрашувларда жуда чиройли ўйин кўрсатяпти. Ҳужумкор, тўп назорати билан ҳам барчаси жойида. Лекин барқарор ўйин намойиш қилиш керак. “Андижон” қарши ҳужумларни энг зўр амалга оширадиган, шу услубни энг кучли жамоаси, фақат муаммо, ўзига қарши жамоалар 2-рақамда ўйнашни бошласа, ҳеч нарса ўхшамаяпти. “Андижон” бу ўйинда ютқазмайди”.
20:00. “Локомотив” – “Сўғдиёна”
“Локомотив”дан бу мавсум кўп нарса кутгандим. Жамоа ўйинларида ҳеч нарса ўхшамаяпти. “Сўғдиёна”да бунинг акси. Жамоа ушбу беллашувга яхши кайфиятда келади. Ўйинда дуранг бўлса керак”.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар