"Навбаҳор"да босим кўпроқ". Финал олдидан Ирисметов жамоаларнинг имкониятини қандай баҳолади?
5 октябрь куни Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида “Навбаҳор” ҳамда “Андижон” иштирокида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Кубоги финали олдидан турли хил фикрлар, муносабатлар янграши табиий ҳол.
Анчадан бери Кубок финалида водий дербисини кўрмагандик. Юртимиздаги таниқли собиқ футбол юлдузларидан бири Жаъфар Ирисметов муҳим учрашув олдидан қуйидагича фикр билдирди:
“Бу энг зўр финал бўладими ёки йўқми, буни 5 октябрь кунги ўйин кўрсатади. “Навбаҳор”дан бу йил ҳамма чемпионликни кутганди, мен ҳам. Менимча, “Навбаҳор” билан “Насаф” чемпионлик учун курашади, деб ўйлагандим. Бундай бўлиб чиқмади. Финалда иккала жамоага Кубок ўта зарур. Бу клублар чемпионатда олдига қўйилган вазифани бажара олмаяптилар. Аммо “Навбаҳор”дан ҳам, “Андижон”дан ҳам кўп нарса кутишганди.
Ўйлашимча, “Навбаҳор”ни футболчилар ва шйин борасида кучлироқ деб ҳисоблайман. “Андижон” стандартларда ўйнайди ва тезкор қарши ҳужумларга ўтади. Кўпроқ ҳимоявий футбол. “Навбаҳор” финалда қандай тактика танлайди, билмасам. Бу финал, бу битта ўйиндан иборат. Шунинг учун жамоалардан ҳар нарса кутиш мумкин. Лекин энг зўр финал бўладими-йўқми, буни 5 октябрда билиб оламиз. Олдин жуда кўп яхши финаллар бўлган. Шу сабабли ҳозир бирор нима дея олмайман.
Менимча, “Навбаҳор” клуби кўпроқ босимда. Чунки улардан кўпроқ нарса кутилган. Мухлислар ҳам, раҳбарият ҳам бошқача натижаларни хоҳлашган. Шу боис наманганликлар босим остида ўйнайди. Улар учун ютиш жуда зарур, деган босим бор. “Андижон” ҳам чемпионатда охирги пайтларда яхши натижалар кўрсата олмаяпти. Бу жамоа ҳам финалда бор кучи билан курашади.
Ғолиб? Менимча, асосий вақтда аниқланса керак. Аммо 3:0, 4:0 ҳисобларини кутиш жуда қийин. “Андижон” ҳимоявий ўйин кўрсатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам иккала клубга омад тилайман. Асосийси, чиройли футбол кўрсак бўлди”, - дейди, Ирисметов.
Фикрлар