"Навбаҳор"нинг собиқ футболчиси Намангандан кетишининг асосий сабаби, легионерга айланишидан кўзланган мақсади ва орзу ҳақида гапирди

Истеъдодли ҳужумчи Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев клубини ўзгартиргани ҳақида яқинда сайтимиз орқали хабар бергандик.

Илгари “Пахтакор”да ўйнаган футболчи ўтган мавсумда “Навбаҳор” шарафини ҳимоя қилди. Лекин чемпионат якунига етганидан кейин футболчи жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. Энди у Тожикистон чемпионатида “Хўжанд” шарафини ҳимоя қилади.

Ушбу жамоанинг таклифига Маҳмудҳожиев ижобий жавоб қайтарди. “Хўжанд” янги мавсумга тайёргарлик чоғида ўзбек клубларига қарши бир қатор ўртоқлик ўйинларини ўтказяпти. “Сурхон” ва “Олимпик”ка қарши учрашувларда Маҳмудхожиев гол урганини айтиш керак. Футболчи Sports.uz мухбири билан мулоқот чоғида Намангандан кетишининг сабаби ва нима учун янги клубга ўтгани ҳақида айтди.

“Ўз ташаббусим билан кетдим”

- “Навбаҳор” клубидан кетишимга энг катта сабаб шуки, у ерда етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаганим билан боғлиқ. Ҳозир ёшман ва кучга тўлган пайтим. Шунинг учун ўзимни кўрсатишим керак, иштиёқим баланд. Ўйиндан-ўйинга ўсишим лозим. Бироқ “Навбаҳор” жамоасида етарлича ўйин амалиётига эга бўлмаганим сабабли у ердан ўзимнинг ташаббусим билан кетдим.

шохурх1_2

“Наманганлик мухлислар Ўзбекистонда биринчи рақамли”

- “Навбаҳор” клубига ўтганимдан ҳеч қачон афсусланмайман. Бу жамоада ажойиб дамлар, яхши лаҳзаларни ўтказдим. Озми-кўпми, наманганлик мухлисларнинг ишончини қозонишга эришдим. Бу одамни жуда хурсанд қиладиган жиҳат. Наманганлик мухлисларни мени ҳозиргача яхши сўзлар билан эслашларидан хурсандман. Шуни алоҳида айтишни истардимки, наманганлик ишқибозлар ҳар доим қалбимда қолади. Улар мен учун ҳар доим Ўзбекистонда биринчи рақамли бўлиб қолади. Чунки наманганликлар футболни қаттиқ яхши кўришади.

шохрух3

“Хўжанд”нинг мақсадлари катта”

- “Хўжанд”га ўтишимнинг асосий сабаби – бу жамоанинг ОФК Кубогида қатнашишидир. Тўғридан-тўғри гуруҳ босқичида иштирок этади. Шу боис “Хўжанд” ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Ўтган йили чемпионатда иккинчи ўринни олган. Бу йил чемпионлик вазифаси қўйилган. ОФК Кубоги мусобақасида ҳам жиддий мақсади бор. Айниқса, ярим финал ва финалгача чиқишни вазифа қилган. Жамоа яхши шаклланган, шароитлари ҳам яхши. Тўғри, менда Суперлигадан 2-3 та вариантлар бўлди. Лекин ўзимни легионер сифатида ҳис қилиб кўрмоқчи бўлдим. Фаолиятимда янги трамплин бўлишини хоҳладим. Ўзингиз ҳам биласиз, ОФК Кубоги анча нуфузли мусобақа. “Хўжанд” Тожикистоннинг вице-чемпиони. Ўйлайманки, аниқ ва жиддий мақсади бор клубда тўп суриш анча бошқача бўлади.

шохрух2

“Мени яхши кутиб олишди”

- Бош мураббийга тўхталадиган бўлсам, Рустам ака Ходжаевни танидийганлар бўлса керак. Футболчилик фаолиятида Тожикистон терма жамоасида ўйнаган. Шунингдек, Беларусь ва Қозоғистон чемпионатларида ҳам тўп сурган. Яхши футболчи бўлган ва мураббий сифатида ҳам ўзини кўрсатяпти. Мени жуда яхши кутиб олишди. Мураббий ўз вақтида футболчи бўлгани учун ҳам қўл остидаги футболчиларни яхши тушунади. Ҳар доим биз билан бирга. Яхши шароитларни яратиб бериш учун ўйинчиларни қўллаб-қувватлайди.

шохрух_1

“Ниятим Ўзбекистон терма жамоасида тўп суриш”

- “Хўжанд” таркибида ўзимни кўрсатмоқчиман. Асосий мақсадим Ўзбекистон терма жамоаси сафида тўп суриш. Айнан бош жамоамиздан чақирув олиш учун қўлимдан келганича бор куч ва имкониятимни кўрсатишга ҳаракат қиламан. Шу ўринда ота-онамга катта раҳмат айтмоқчиман. Шу даражага келишимда, футболчи бўлишимда ҳиссалари улкан. Худо хоҳласа, “Хўжанд”даги ўйинларим билан ота-онам, яқинларимни хурсанд қилиб, миллий терма жамоада тўп суришга астойдил ҳаракат қиламан. Бу нафақат менинг, балки ота-онамнинг ҳам орзулари.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!