"Navruz Cup-2022". "Ўзбекистон терма жамоасига келганида босим остида ўйнайди, чунки..." - мутахассис футболчиларимизни Қирғизистонга қарши ўйинига баҳо берди
Намангандаги “Navruz Cup-2022” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси Қирғизистонга қарши учрашувда 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда финалга чиққанини яхши биласиз. Энди вакилларимиз 29 март куни Угандага қарши майдонга тушишади. Терма жамоамизнинг ўйини борасида мутахассисларимиздан бири Рашид Ғофуров ўз фикрларини билдирди.
- Аслида ўйин ёмон бўлгани йўқ, фақат бошланишини ҳисобга олмаганда, тўлиқ устунлик бизда бўлди. Учрашувдан аввал футболчиларимиз ғалабага хаддан ортиқ ишониб юборишгани учун бошида жазоналишди. Биринчи бўлимда ўз ўйинини кўрсата олмади. Иккинчи бўлимда Ўзбекистон кучини намойиш қилган ҳолда керакли ўйинни кўрсата бошлади. Умуман олганда, ўйин борасида бизникилар рақибдан ҳар томонлама устун бўлди. Лекин баъзида шундай ҳам бўладики, рақибнинг номига ва ўйинига қараб баҳо берилади ҳамда бу ҳолат беллашув олдидан таъсир кўрсатиши мумкин. Агар рақиб Япония ва Корея бўлганида йигитлар янада бошқача тарздаги тайёргарлик билан майдонга чиқишарди. Лекин рақиб Қирғизистон бўлгани учун футболчиларимизнинг хаёлида осонлик билан ютамиз деб ўйлашди, чоғи. Лекин ҳамма жойда футбол ривожланяпти, Қирғизистонда ҳам. Бу жамоа ёмон таассурот қолдиргани йўқ. Тўпни назорат қилиши, ўйинчиларининг индивидуал сифатларини ҳисобга олганда, уларнинг ўйинида пала-партишлик йўқ. Айтмоқчиманки, жамоанинг кийими ёки бошқа жиҳатига қараб баҳо берилмайди. Аммо футболчиларимиз иккинчи бўлимда вазиятни ўнглашди. Имкониятларни ҳаммасидан бўлмаса ҳам учтасидан фойдаланишди. Элдор Шомуродовнинг голи далда бериб, шундан кейин жамоа янада очилиб кетди. Агар иккинчи бўлимдаги “настрой” ўйин бошидан бўлганида учтадан кўпроқ гол уришимиз мумкин эди. Футболни алдаб бўлмайди, рақибни менсимаса албатта жазоланади. Кўриниб турибдики, Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам яхши ривожланяпти. Лекин биз улардан устунлигимизни қоғозда эмас, амалда ҳам исботлашимиз керак. Финалда Угандага қараганда Тожикистон ёки Қирғизистон билан ўйнашимизни истагандим. Барибир Қирғизистон ҳам ёмон таассурот қолдирмади. Бу олдинги Қирғизистон эмас. Мураббийи бошқа, ўйини ўзгарган. Ҳозир осон ютқазадиган жамоанинг ўзи қолмаган. Аммо бизда индивидуал жиҳатдан юқори даражадаги футболчиларнинг борлиги учун ҳам ютдик. Айниқса, Жалолиддин Машариповнинг майдонда қилган ишларини айтишим мумкин. Ҳар доим уни ўрнак қилиб кўрсатаман. Майдонда ҳақиқий етакчи. Ўз позициясида нима қилиш керак бўлса, ҳаммасини бажаради. Футболчи сифатида менга жуда ёқади. Агар Достон Ҳамдамов ҳам қанотда худди Машариповдек ўйнаганида борми, ҳаммаси бошқача бўларди.
Шомуродов “Рома”га қараганда Ўзбекистон терма жамоасига келса босим остида ўйнайди. Чунки “Рома”да етакчи ҳисобланмайди. Ўзбекистонга келганида икки баробар кўпроқ босимни ҳис қилади. Негаки, у бу ерда етакчи ва жамоа сардори. Мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам Элдордан кўп нарсани кутишади. Буни ўзи ҳам сезади. Аммо Шомуродовни ҳисобига бошқалар натижа кўрсатяпти. Яъни, Элдорни икки ҳимоячи қўриқлаяпти, бундан бошқа футболчилар фойдаланиб хавфли вазиятлар яратишяпти. Бироқ Шомуродовда ўйин амалиёти камлиги майдонда билиниб қоляпти. Игорь Сергеевда ўйин амалиёти бор. Агар Элдор барқарор ўйнаб турганида Қирғизистонга қарши ўйинда ҳатто бир ўзи ҳал қилиб қўйиши ҳам мумкин эди.
Катанец ҳақида бир нима дейишим қийин. Куни кеча биринчи ўйинини кўрдим ва бугун машғулотини кузатдим. Бирданига хулоса чиқаришим осон эмас. Ишонч билдирилса, ҳар қандай мураббийга ҳам вақт керак. Барибир Европада ишлаган, ниманидир билади ва шунга интилишга ҳаракат қиляпти. Аммо қанақа услубда ўйнаётганини битта ўйиндан тушуниб олиш қийин. Финалда Угандага қарши учрашувда ҳам ғалаба кутяпмиз. Ярим финалдаги каби ўйинга бироз бўшашиб тушишмайди деб ўйлайман. Бизни ўйинчиларимиз кучли “настрой” билан тушишса, нафақат Уганда, балки бошқа жиддий рақибларни ҳам ютишга қодир. Руҳий тайёргарликка кўп нарса боғлиқ. Захирамизда етакчиларни ўрнини боса оладиганлари ҳам бор. Қирғизистонга қарши учрашувнинг иккинчи бўлимидаги ўйинни кўрсатса, Угандани ҳем бемалол ютса бўлади, - деди Ғофуров.
Фикрлар