"Найзанинг учи", "фантазиста", "жамоа мотори", "Универсал жангчи" ва "Сюрприз"… Ўзбекистон (U20)нинг асосий 5 юлдузи кимлар?

Бугун Ўзбекистонда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги қитъа биринчилиги старт олади. Эътиборлиси, турнирни ярим финалига қадар етиб келган жамоалар тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. Хўш, Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги жамоанинг бугунги юлдузлари ким? Қайси футболчилар турнир давомида етакчиликни ўз қўлига олади? SPORTS.uz ўз версиясини тақдим этади!

Пўлатхўжа Холдорхонов – "Найзанинг учи"

sajifjsaif

Трансфер ҳуқуқи “Пахтакор”га тегишли бўлган  “Олимпик” аъзоси ўтган мавсумда Суперлига ва U-21 чемпионатида ўзини нималарга қодир эканлигини кўрсатгани ёдингиздан чиқмагани аниқ. Холдорхонов Ҳайдаров жамоасининг асосий якунловчи образидаги футболчиси саналади. Жамоа ўйин услуби ягона соф ҳужумчига таянгани боис, Пўлатхўжага жуда кўп нарса боғлиқ. Иккинчи қаватдан узатмалар, бўш зонага очилиш, қарши ҳужумдаги тезкорлик ва сўнгги зарбани йўллаш айнан унинг зиммасига тушади. Қаҳрамонимизнинг совуққонлиги ва майдонда юқори интеллект билан ажралиб туришини инобатга олсак, бу вазифани аъло даражада уддалашига шубҳа йўқ. Шахсан ўзим, бу мусобақа айнан унга аталашини тахмин қиляпман.

Аббосбек Файзуллаев – "Фантазиста"

abosbek_1

Аббосбек ўтган мавсумда "Ўзбекистондаги энг яхши ёш футболчи", деб бежизга эътироф этилгани йўқ. У майдонни кўра билиш, дриблинг ва позиция танлашда беназир. Тимур Кападзе қўл остида ўзидан 3-4 ёш катта футболчилар ўртасидаги мусобақада финалга қадар етиб келган “Пахтакор” аъзоси U-20 нинг асосий қуролидан бири саналади. Стандартлар ижроси, сўнгги пас ва майдондаги креатив қарорлари билан у жамоамиз ўйинига ранг-баранглик қўшиши талаб этилади. Файзуллаевда ҳозир кичик жароҳат бор, аммо Равшан Ҳайдаров барчаси жойида эканлигини матбуот анжуманида айтиб ўтди. Умид қиламизки, ўзбек футболининг вундеркинди юртимиз мезбонлик қиладиган мусобақа кашфиётга айланади.

Шаҳзод Акрамов – "Универсал жангчи"

 

“Насаф” аъзоси ўтган мавсумда тез-тез захирадан ўйина қўшилиб Суперлига нафасини олди. U-21 жамоасида “аждарлар”нинг асосий футболчиси сифатида кўпчиликнинг эътиборига тушган эди. Шахсан ўзим “Насаф”нинг ўйинлари чоғида уни 90 дақиқа давомида 3-4 позицияда тўп тепганига гувоҳ бўлдим. Ҳозир Равшан Ҳайдаров чап қанот ҳужумкор ярим ҳимоячиси сифатида уни кўрмоқда. Акрамов жуда ҳам чаққон ва керакли паллада вингер сифатида ҳужумда пайдо бўлиши мумкин. Шаҳзод чап ва ўнг оёқда бирдек яхши ўйна      й олади. Бундан ташқари, керак бўлса марказга қайтиши, ҳужумчи ортига ўтиши ва ҳатто, таянч зонасида ҳам ишончли тўп тепиши мумкин. Бундай ижрочиларнинг таркибда бор эканлиги мураббийларга ўйинни ўзида тактик схемани трансформация қилиш учун қулайлик яратади.

Умарали Раҳмоналиев – "Жамоа мотори"

umar

“Бунёдкор”да жуда ёрқин мавсум ўтказгач, Россиянинг “Рубин” жамоаси сафига йўл олган ярим ҳимоячини “ўзбек Н'Голо Канте”си деб бежиз таърифлашмаган. Умарали тўп учун кураш ва жамоавий прессингда беназир. Бундан ташқари, керакли паллада тўпни ўзи билан олиб юрганча, майдоннинг катта қисмини босиб ўтиши мумкин. Кучли зарбаси бор “хавбек” Ҳайдаров қурган жамоада таянч зонаси ва 14-ҳудуд ўртасида кўприк вазифасини ўтаб бериши кўзда тутилган. Жисмонан анча бақувват бўлган футболчи майдон марказида жуда катта ҳажмдаги ишни бажаради. Рақибнинг эрта прессингини ёриб ўтиш ва керакли паллада марказий ҳимоячилар олдигача келиб, тўп назоратини қўлга олиш учун ўзига хос баланс вазифасини бажариб берганига бир неча бор гувоҳ бўлдик. Уни бежизга жамоа сардори этиб тайинлашмагани аниқ. У бу мусобақада жамоадошларига руҳий ҳолат аъло даражада бўлиши кераклигини майдондаги ҳаракатлари билан исботлаб беришидан умидимиз катта.

Асадбек Жўрабоев – "Сюрприз"

asad

“Навбаҳор” аъзоси Равшан Ҳайдаров қўлида ўзига ҳос “жокер қарта”! Қанот ва ҳужум марказида бирдек наф келтиришга қодир иқтидорли ҳужумчи яхшигина старт тезликка эга. Шунингдек, сўнгги зарбани ижро этишда ҳам яхши статистика қайд этиб келмоқда. Энг муҳими, у ҳужумда универсал. Керакли паллада бир-икки футболчини вазият яратиши, қарши ҳужумларда асосий фигурага айланиши мумкин. Уни бежизга кутилмаган совға деб атамаганимиз йўқ. Юқорида номи зикр қилинган футболчиларнинг имкониятларини ўзбек футбол мухлислар оз-моз бўлсада билади. Асадбек бу рўйхатдаги тенгқурларидан машҳурлик бобида ортда бўлиши мумкин, аммо даражада борасида эмас. Ўтган мавсумда U21 чемпионатини мунтазам кузатиб борганим учун ҳам айнан уни танладим. У ўзига хос “яширин от” вазифасини бажариб беради.

Бонус:

Зафармурод Абдираҳматов

kfowekfoew

Ўтган мавсумда “Насаф” ёшлари ва асосий таркибида бир нечта яхши ўйинларни ўтказган универсал қанот футболчиси ҳам Равшан Ҳайдаров жамоасининг ғалабаларига ўз ҳиссасини қўшишини тахмин қилиш мумкин. Қанотдаги рейдлари ва катта тезлиги билан футбол мутахассисларининг эътиборига тушган йигит ҳозир яхши формада. У ҳужумда ва ҳимояда бирдек фаол бўлиб, жамоавий ўйинда жуда фаол. Шунингдек, керакли паллада заҳирадан ўйинга қўшилиб майдондаги ўйин боришига таъсир кўрсатиши мумкин. Анча аввал шу футболчи ҳақида Рўзиқул Бердиев билан суҳбатлашганимда,унинг жуда ҳам совуққон эканлигини, керакли паллада катта саҳнага чиқишдан қўрқмаслигини айтган эди. Менимча, Бердиевнинг таърифни амалда намойиш этиш учун Зафармуродда ажойиб имконият мавжуд. Кучли бешликка кирмаганига қарамай, бу йигитдан ҳам турнирни юқори кайфиятда ўтказишини кутяпман. Аслида, қайдномага киритилган барча йигитлар ўз тенгқурлари ичидаги энг зўрлари санлади. Уларни ҳар бири ўз позициясидаги Н1!  Кўрамиз, воқеалар ривожи қандай кўриниш олади. Катта йўл бошида турган кичик “ўқ бўрилар”га “ови бароридан келишини” тилаб қоламан.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Socceruzb
01/03/2023 11:09
Абдуқодир Хусанов!
&
ELYORBEK_2003
01/03/2023 13:19
Xislat Xalilovni nimaga chaqirmagan tarkibga