"Назаровни ёмонлайверсак биздан ҳеч қачон Буффон, Нойер каби дарвозабонлар чиқмайди" ёхуд мутахассис финал олдидан нимадан қўрққанини айтди

Юртимизда ўтказилган U-23 Осиё Кубоги бўйича турли фикр ва мулоҳазалар билдириляпти. Айниқса, ҳал қилувчи финалда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонига ютқазгани атрофлича муҳокама қилинмоқда.

Аммо умумий маънода жамоамиз шаънига жуда илиқ фикрлар айтилаётганини эшитяпмиз. Мутахассис Баҳром Ҳайдаров терма жамоамизнинг иштироки юзасидан қуйидагиларни айтди.

“Япония, Австралия каби термалар қатнашган турнирда бемалол финалга чиқяпмиз”

- Финалда терма жамоамиз ютқазганидан кейин мухлислар икки гуруҳга бўлинди, деб ўйлайман. Жамоамизни яхши ўйин кўрсатди, финалга чиққани катта гап бўлди, деяётганлар бор. Яна бошқалар ўз майдонида финалда ютқазиб қўйди, деб танқидий фикрлаётганлар ҳам бўляпти. Футболни яхши тушунмайдиган ишқибозлар бор. Нафақат футболда, балки спорт турида ҳам ютади, ҳам юқазади. Аслида финалгача етиб келишнинг ўзи катта иш. Бу терма жамоамиздаги футболчиларимизнинг келажаги порлоқ. Яхши селекция қилинган, бунда мураббийнинг маҳорати бор. Ҳаммаси тўғри бўлган. Темур Кападзени бош мураббий сифатида тайинлангани ҳам тўғри танлов. Ўзининг ўйин услуби борлигини кўрсатиб қўйди. Уйда ўйнадик ва жамоамиз пала-партиш эмас, балки тартибли ўйин кўрсатишди. Финалда омад рақибга кулиб боқди. Тўғри, улар маҳоратини ишга солди. Саудия Арабистони Осиё грандларидан бири. Финалга бежизга чиқмаган. Япония, Австралия каби термалар иштирок этган турнирда биз бемалол финалга чиқяпмиз. Бу ҳам биз учун ўсиш. Терма жамоамиз турнирда яхши қатнашди.

узб финал5

“Шунча йил Нестеров билан юрдик, унга рақобатчи топилмади”

- Дарвозабон Владимир Назаровни Суперлига ўйинларида кузатганман. Ўзига ишончи бор. Тўғри, ҳали ёш ва бундай катта мусобақаларда қатнашмаган. Аста-секин тажриба тўплаяпти. Уни келажакда миллий терма жамоамизнинг асосий посбонларидан бири бўлади, деб ўйлайман. Ҳа, хатолари бор. Лекин камчиликларини айтиб, бу ёмон дарвозабон экан деяверсак, унда биздан ҳеч қачон Буффон, Нойерга ўхшаганлар чиқмайди. Кўп йиллар давомида Игнатий Нестеров билан юрдик, унга рақобатчи топилмади. Назаровга ўхшаган иқтидорли посбонларга ишонч билдириш керак. У ўзига ишоняпти, қўрқмаяпти. Хатолар эса уни янада кучли қилади. Олимпия терма жамоамизда иккита тенг кучли дарвозабон бор.

узб финал2

“Рақиб хотиржам ўйнади”

- Ўйиндан олдин бир нарсадан қўрққандим. Яъни, мухлислар, журналистлар, телевидение чемпион бўламиз, деб бонг урди. Бу жамоадаги 23 та ўйинчига ҳар хил таъсир қилиши мумкин-да. Кападзе бундай турнирларни кўп кўрган, ўзи ҳам юқори савияда ўйнагани учун футболчиларни бемалол тайёрлай олади, деб ўйладим ва шундай ҳам бўлди. Барибир руҳий жиҳатдан йигитларни тайёрлагани билан футболчилар учрашув давомида доим қандайдир босим остида бўлдилар. Саудия учун финалга чиққани аслида яхши натижа бўлиб, уларга бошқа мамлакатда ютқазиб, иккинчи ўринни эгаллаган тақдирда ҳам ёмон натижа ҳисобланмасди. Шу сабабли рақиб анча хотиржам ўйнади. Лекин бизнинг футболчилар Саудия Арабистонидан кучли эди. Фақат гол ўтказилгач, вақт ўтиб боргани сари жамоамиз асабийлаша бошлади. Кападзега қойил, Жалолиддиновни асабийлашаётганини сезиб қолиб, захирага олди. Асабийлик ҳам йигитларга таъсир қилди. Барибир Кападзедан ҳам, терма жамоамиздан ҳам хурсанд бўлдим. Жамоавий ўйин ҳам бўлди ва қолаверса, футболчиларимиз индивидуал маҳоратларини ҳам кўрсатишди. Қийин вазиятлардан чиқиб кетган пайтлари бўлди. Бу таркиб узоққа боради.

узб финал

“Эркинов анча фаол бўлди”

- Барча йигитларимиз яхши тўп суришди. Лекин Ҳожимат Эркинов анча фаол бўлди. Барибир “Пахтакор” ўйинчисилиги, тажрибаси борлиги билиниб турди. Жасур Жалолиддинов билан Хусайн Норчаев ҳам қолишгани йўқ. Диёр Холматовдан кўп нарса кутгандим. Бу йил Суперлигада кам ўйнаётгани таъсир қилди, шекилли. Ҳолбуки, Диёр маҳоратли футболчи.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!