Назорат ўйини. "Нефтчи" "Сочи" билан дуранг ўйнади
Янги мавсумга Туркияда ҳозирлик кўраётган "Нефтчи" жамоаси бугун яна бир бор "Сочи" клуби билан назорат ўйинини ўтказди.
Биринчи бўлим аввалида фарғоналиклар фаол ўйнаб, 5-дақиқада Жасур Жалолиддиновнинг маҳорати ва кучли зарбаси эвазига ҳисобни очишга муваффақ бўлдилар 1:0. Киритилган голдан сўнг ўйин сурати бироз тенглашди ва ҳар иккала жамоада ҳам гол уриш учун имкониятлар юзага келди. Биринчи бўлим шу тариқа якунланди.
Иккинчи бўлимда мураббийлар "йўлбарслар"нинг таркибни деярли тўлалигича алмаштиришга қарор қабул қилиб, захирадаги ўйинчиларни майдонга туширдилар. Ўйинга қўшилган вакилларимиз анча фаоллик билан ҳаракатланиб, бир неча бор рақиблар дарвозасига хавф солишга уринишди. Аммо, беллашувнинг 61-дақиқасида бурчак зарбасига эга чиққан россияликлар ҳимоячиларни доғда қолдириб, "Нефтчи" дарвозасига жавоб тўпини жойлаб қўйди.
Учрашувнинг 80-дақиқасида ўнг қанотдан оширилган аниқ узатмага Беҳруз Облақулов тўпни тўхтатмасдан кучли зарба билан "Сочи" дарвозасига чиройли гол киритди 2:1. Орадан 4 дақиқа ўтиб, ҳимоячилардан ўзиб кетган "Сочи" вакили дарвозани иккинчи бор ишғол этиб, ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.Учрашувнинг қолган дақиқалари ўзгаришсиз ўтди ва ўйин дуранг 2:2 натижаси билан якун топди.
Фикрлар