"Нефтчи" бу йилги тақдимотини бошқача услубда ўтказди

2026 йилги янги мавсум олдидан "Нефтчи" клуби томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган таништирув маросими бу гал мутлақо янгича руҳ ва мазмунда ташкил этилди. Бу борада клуб матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалги йиллардан фарқли равишда, бу сафар янги аъзоларни таништириш шунчаки саҳна ва расмий тақдимот билан чекланиб қолмади. Маросим аввало меҳр-шафқат ва инсонпарварлик ғоялари асосида ўтказилди. Янги футболчилар ногиронлиги бўлган болалар билан бирга саҳнага чиқиб, шахсий рақам туширилган футболкаларни бевосита уларнинг қўлидан қабул қилишди. Бу эса тадбирга алоҳида самимият ва таъсирчанлик бағишлади.

Тадбир доирасида “Меҳр билан кучлимиз” ва “Биз биргаликда кучмиз” шиорлари остида жамоа ва болалар бир овоздан чиқиш қилишди. Шунингдек, футболчилар мастер-класс кўрсатишлари, болалар билан эсдалик суратлари ва совғалар улашиш жараёнлари ташкил этилди.

Айниқса, ҳозир муборак Рамазон ойи муносабати билан хайрия ва эҳсон тадбирлари ўтказилгани маросимнинг энг муҳим жиҳатларидан бири бўлди. Қурбонлик амалга оширилиб, нуронийлар ва тарбияланувчилар иштирокида дуо-фотиҳалар қилинди. Ифторлик дастурхони ёзилиб, футболчилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари шахсан тарқатилди. Нуронийларни ифторликка кузатиб кириш ва улар билан бир дастурхон атрофида суҳбат қуриш жараёнлари тадбирга чуқур маънавий мазмун бахш этди.

Бу галги таништирув маросими нафақат янги футболчиларни тақдим этиш, балки жамоанинг ижтимоий масъулияти, инсонпарварлик қадриятлари ва халқ билан бирга эканини намоён этган муҳим воқеага айланди.

Янги мавсумда жамоанинг янги аъзолари қуйидаги рақамларда ҳаракат қилишади:

16 — Иброҳим Шокиров
2 — Иззатилло Пўлатов
44 — Мўминхон Баҳодирхонов
9 — Хуршид Ғиёсов
77 — Ратиньо
14 — Далер Тухсанов
30 — Рустам Фомин
11 — Асилбек Жумаев
18 — Периcа Стипе

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!