
Нидерландия ЖЧда Адидаснинг уч чизиқли эпикировкасида тўп сурган, аммо Кройфни либосида чизиқлар сони иккита эди! Бунинг сабаби нима?
1974 йилги жаҳон чемпионатида ГФР (Германия Федератив Республикаси) ғалаба қозонади. Таркибида Беккенбауер, Мюллер, Брайтнер сингари юлдузлари бор жамоа мундиални юқори темпда ўтказган. Шунга қарамай, ЖЧнинг энг ёрқин жамоаси сифатида барча Нидерландияни тан олади!
Афсонавий мутахассис Ринус Михельс ғарбий Германияга олиб келган таркибда Крола, Нескенс ва Ренсинберг сингари универсал футболчилар барчани лол қолдиради. Айниқса, Йоханн Кройфнинг ўйинлари ҳали-ҳамон замонавий видео роликларни безаб беришда давом этмоқда. Афсонавий “учар голланд” ўша даврдаёқ энг кўп муҳокама қиладиган, доим эътибор марказда бўлишга одатланган юлдуз бўлиб шаклланиб бўлган эди. Бежизга 1974 йилги мундиал ҳақида сўз очилмади. Бугун Йоханн Кройфни тушиб қолган жуда мураккаб вазият, "Adidas" – "Puma" қарама-қаршилигини ўз ичига олган қизиқ бир воқеани ёдга оламиз!
Мундиал олдидан "Adidas" ва Нидерландия футбол федерацияси янги эпикировка масаласида шартнома имзолайди. Унга кўра, “учар голландлар” либосида "Adidas"нинг одатий 3 та чизиқдан иборат “фишкаси” пайдо бўлади. Бу шартнома имзоланишидан аввал федерация расмийлари терма жамоа футболчиларига бу ҳақида хабар бермаган эди. Бу хабарни эшитган Кройфнинг жаҳли чиқиб кетади. Сабаби, “учар голланд”ни "Adidas" компаниясининг ашаддий рақобатчиси "Puma" билан шахсий келишуви бор эди. Унга кўра, футболчи “Puma King” бутсаларидан фойдаланиши ва бошқа спорт брендининг либосида кўриниш бермаслиги шарт сифатида кўрсатилган.
Бу воқеа ҳақида футболчи ўз автобиографиясида қуйидагича хотирлайди: “Улар футболчиларга бу гапни айтиш шарт эмас, деб ҳисоблаган. Сабаби, либослар учун улар пул тўлаган. Афсуски, бу ишдан энг кўп мен жабр чекдим!”
Вазият кескинлашганига қарамай, Йоханн Кройф ҳаммасини ўз фойдаси томон буриб юборди. Федерация раҳбарлари у қилган ҳийла олдида лом-лим дея олмай қолди. Кройф шунчаки "Adidas"нинг расмий белгиси саналган 3 та чизиқдан биттасини олиб ташлади. Шу тариқа, Кройф “Puma” билан ҳамкорликни сақлаб қолди. "Adidas"ни эса хафа қилгани йўқ. Бу воқеа "Puma" ва "Adidas" ўртасидаги ўзига ҳос рақобатни янада машҳурроқ бўлишига ҳисса қўшди.
Дарҳақиқат, Йоханн Рудольф Даслер томонидан асос солинган компания маҳсулотларини яхши кўрган. Қаҳрамонимиз карьерасининг катта қисмини “Puma King” бутсасида ўтказган. Айнан шу бутсани 1970 йилда Пеле айёрона услубда реклама қилгани ҳали-ҳамон тилларда достон. ЖЧ финали ўйинида Пеле баҳс бошланишига 4-5 сония қолган бир пайтда ҳакамдан ўйинни бошламай туришини илтимос қилади ва бутун дунё кўз ўнгида оёқ кийимларини боғичини боғлайди.
Маркетологларнинг айтишича, бу инсоният тарихидаги энг таъсир доираси катта бўлган реклама сифатида тарихда абадий қолади.
Яхёхўжа Улуғхўжаев таржимаси
Фикрлар