Нима, "Бунёдкор" бедарвозами?
Ўзбекистоннинг совриндор клубларидан бири – “Бунёдкор”да охирги йилларда иш структураси тубдан ўзгарди. Илгари номдор ўйинчилар ўйнаган ва шунга яраша қандайдир муваффақиятларга эришган. Энди эса ўзининг тарбияланувчиларига эътиборни оширган. Ахир энг яхши академиялардан бири ҳам айнан “Бунёдкор”ники. Шунинг учун клуб асосий таркибда ўзининг тарбияланувчилари тўп суриши учун йўналишини шунга қаратди.
Лекин бу осон жараён эмас. Чунки ёшларнинг ўзи билангина натижага дабдурустдан эришиш ҳам қийин. Бунга хоҳласак ҳам, хоҳламасак ҳам вақт керак. “Бунёдкор”да шундайки, клуб ўз номига ва мавқеига эга жамоа. Ёшларга эътибор қаратиш билан бир қаторда ўз имиджига яраша барибир совринли ўринлар учун курашишни ҳам доим ўз олдига асосий вазифа қилиб қўяди. Бу сафар ҳам шундай. Фақат ўша ёшларнинг олдига тажрибали ўйинчилар ҳам зарур бўлади-да. Ҳозирда жамоада ушбу боғламда бироз муаммолар кўзга ташланиб қоляпти. Оқибатда юзага келган камчилик клубнинг натижаларида ўз аксини топяпти.
Ростини айтиш керак, бу мавсумда “Бунёдкор”нинг ишлари юришиб кетмаяпти. Клуб ўзи истаганидек мухлисларини қувонтира олмаяпти. 11 та ўйинда майдонга тушган “Қалдирғочлар” негадир парвозини баланд кўтара олмаяпти. 3 ғалаба, 3 дуранг ва 5 мағлубият қайд этиб, 12 очко билан 8-ўринда. Тўплар нисбатига келсак, 12/19. Суперлига жамоалари орасида дарвозасидан энг кўп тўп олиб чиққан клуб “Бунёдкор” бўлиб турибди. Бундай салбий ҳолат ушбу жамоага ярашмас экан. Нима, "Бунёдкор" бедарвозами? Демак, жамоанинг ҳимоя чизиғида етарлича бўшлиқлар, етарлича муаммолар бор. Жамоа ўйинини қуриш ишлари ҳали тугалланмаган.
“Бунёдкор” мавсумни ўз майдонида “Сўғдиёна” билан 0:0 ҳисобидаги дуранг билан бошлади. Иккинчи турда “Қизилқум”га 3:1 ҳисобида ютқазди. Шундан сўнг “Қалдирғочлар” кетма-кет учта учрашувда ғолиб чиқди. “Локомотив”, “Динамо” ва “Нефтчи” клубларини тиз чўктирган “Бунёдкор” ўзидан илиқ таассурот қолдиришни бошлаганди. Лекин 6-турда ўз майдонида “Олимпик”ни қабул қилди. Ўша беллашувда Суперлига дебютанти ўзидан тажрибалироқ бўлган “Бунёдкор”га мастер-класс кўрсатиб қўйди – 1:5. Бу чиндан ҳам улар учун жуда оғриқли мағлубият сифатида қабул қилинди. Юқоридаги учта ғалабадан сўнг клуб бошқа юта олмаяпти. Бу эса охир-оқибат бош мураббийнинг истеъфосига олиб келди.
8-турда “Бунёдкор” ўз уйида “Металлург”ни қабул қилиб 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб қўйганидан кейин раҳбарият томонидан бош мураббий Шуҳрат Мақсудов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Виктор Карпенко унинг ўрнини эгаллади. Шунда ҳам ҳозирча жамоанинг натижалари ўнгланмаяпти. Янги бош мураббий бошчилигида АГМК майдонида 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди. Сўнг ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилиб 1:4 ҳисобида мағлубиятга учради. 11-турни ҳам майдони боши эгик ҳолда тарк этишди. Бу сафар “Сурхон”га ягона гол эвазига мағлубиятга учрашди.
“Қалдирғочлар” охирги бор 25 апрель куни ғалаба қозонишган. Мана, шундан бери “Бунёдкор” ғалаба қозона олмай келяпти. Балки чемпионатда юз берган танаффус клубнинг фойдасига хизмат қилар. Чунки ўйиндаги хато ва камчиликлар, ожиз нуқталарни бартараф этиш учун етарлича вақт бўляпти. Карпенко жамоаси эса навбатдаги ўйинини 21 июнь куни ўз майдонида “Қўқон-1912”га қарши ўтказади. Ёзги трансфер пайтида таркиб кучайтириладими, деган савол ҳам бор.
Афтидан, жамоа ўйинини шакллантириш ва айниқса, кучайтириш зарурияти туғилганлиги яққол билиняпти. Албатта, футболчилар ҳам Мақсудовнинг тактикасига мослашганди ва эндиликда Карпенконинг ўйин услубига кўникишларига тўғри келмоқда. Бунда уларнинг ижролари ва савиялари қанчалик асқотиши ҳам муҳим.
Фикрлар