Нимчорак финал олдидан "Пахтакор" мураббийи ўз фикрларини билдирди
Осиё Чемпионлар Лигаси нимчорак финал босқичидан ўрин олган "Пахтакор" - "Истиқлол" беллашуви олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида бош мураббий вазифасини бажарувчи Питер Хюистра ҳамда ҳимоячи Анзур Исмоилов иштирок этишди.
Хюистра: "Гуруҳ босқичини якунладик. Энди бир ўйиндан иборат плей-ффда ўйнаймиз. Биз бунга тайёрмиз. Барчасини ўйин кўрсатиб беради.
Шота ўзини яхши ҳис қилмоқда. У изоляцияда. Ўтган ўйинни таҳлил қилдик ва навбатдаги баҳсга тайёргарлик кўряпмиз. Барчаси яхши бўлишига ишонамиз. Шота дастлабки кунлари бироз ўзини ёмон ҳис қилди, ҳозирда эса барчаси ортда қолди. У ҳали ёш ва ишга чанқоқ.
Эртага Комилов иккита сариқ карточка туфайли майдонга туша олмайди. Қолган барча футболчилар ўйинга тайёр ва соғлом ҳолатда. "Пахтакор"ни жисмонан кучсиз, деб ўйламанглар. Биз ҳам икки йилдан буён бу борада меҳнат қиляпмиз. Ўзимизга ишонч катта.
Биз ўзимизга ишонамиз. Бу йигитлар билан ҳар куни бирга ишлайман ва уларнинг имкониятини яхши биламан. Шу сабабли ҳам уларга ишониб гапирмоқдаман.
Охирги йилларга қарасангиз, ўзбек клубларида пасайиш бўлди. Лекин икки йил олдин Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Осиё чемпиони бўлганди. Ўша жамоанинг кўплаб аъзолари ҳозир "Пахтакор"да ўйнамоқда. Ўша мусобақадан кейин футболчилар янада кучайди. Бу футболчилар янги даврни бошлаб бермоқда. Дастлабки мақсадимиз гуруҳдан чиқиш эди, бу вазифа уддаланди. Энди навбатдаги рақибни мағлуб этишни истаймиз".
Исмоилов: "Гуруҳдан чиққанимиздан хурсандмиз. Бизни олдинда оғир ўйинлар ва ҳақиқий кураш кутмоқда. Мухлислар ва кўплаб инсонлар “Пахтакор”дан ғалаба ғалаба кутади. Мақсадимиз фақат ғалаба қозониш. Рақибни яхши биламиз, ўрганиб чиқдик. Бизга қийин бўлади. Ғалаба қозонишимиз кераклигини тушуниб турибмиз. Жамоамиз эртанги ўйинга тайёр. Майдонга фақат ғалаба учун чиқамиз.
Рақиб сафида иккинчи қаватда яхши ўйнайдиган футболчилар бор. Биз ҳам шунга яраша тайёргарлик кўрдик. Жамоамиздаги футболчилар бир-бирини яхши тушунади",-дея пост қолдирди "Пахтакор" клуби расмий "Телеграм" канали.
Фикрлар