Нодирбек Абдураззаков : "Бу нарсани биз олдиндан режалаштирган эдик"
Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги Ўзбекистон U20 терма жамоаси Осиё кубогидаги илк ўйинида Сурияни (2:0) таслим этганидан хабарингиз бор. Баҳс якунлангач, учрашув қаҳрамонларидан бири - Нодирбек Абдураззаков билан суҳбат уйиштирдик.
Нодирбек ғалаба билан табриклайман. Ўйин қийин бўлмадими?
- Очиғи, бироз қийналдик. Анчадан бери расмий ўйинда иштирок этмаган эдик. Орада юзага келган паузадан кейин, "Бунёдкор" аренасида майдонга чиқиб келиш осон эмас. Бошида бироз хатоларга йўл қўйдик, аммо кейин ўзимизга келишни бошладик. Якунда, 3 очкони қўлга киритдик.
Жисомний тайёргарлик панд бермадими?
- Жамоадошларимга қандай бўлди билмадим, аммо мен бироз қийналдим. Жароҳатимни тиклаганимдан сўнг, эндигина умумий машғулотлар ўтказишни бошлаган эдим. Бироз адаптация учун вақт керак эди. Насиб қилса, кейинги ўйинларда бундан ҳам яхшироқ формада бўламан.
Сурия терма жамоаси ҳақида фикрингиз қандай?
- Фикрим ижобий. Кутганимиздек яхши жамоа бўлиб чиқди. Рақиб бугун жуда яхши ҳимояланди. Имкон қадар бизи босимга дош беришга уринди. Уларга кейинги ўйинларда омад тилайман.
Ўйин давомида сизда гол киритиш учун қулай имконият бўлди, аммо вазиятдан фойдалана олмадингиз?
- Баҳона қилсам, бу бошқа баҳоналарга уланиб кетади. Ўзимга нимадир етишмади. Ўзим нотўғри ҳаракат қилганим учун ҳам зарбамни голга айлантира олмадим. Кейинги ўйинларда бу вазиятни ўрнини голлар билан тўлдиришга ҳаракат қиламан.
Бугун бир неча бор дарвозага айлантириб зарба йўлладинглар. Бу олдиндан ўйлаган режамиди?
- Йўқ, бу нарсани биз олдиндан режалаштирган эдик. Зарба ижро этаётганимда ҳам Равшан Ҳайдаров айлантириб даровза сари зарба тариқасида йўллашимни сўради. Билган бўлсангиз, Аббосбекни (Файзуллаев) ҳам зарбаси айланиб бориб дарвоза тўрига тушди.
Фикрлар