Нуньесга қиёсланган "Пахтакор" футболчиси ва натижалар ёмонлигида ёшларнинг стабил эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган Шацких (Матбуот анжумани)
Эртага "Насаф" ҳамда "Пахтакор" жамоалари Ўзбекистон Суперкубоги доирасида кураш олиб боради. Мазкур беллашув олдидан "шерлар" устози Максим Шацких матбуот анжуманида иштирок этди. Қуйида унинг фикрлари билан танишиб чиқишингиз мумкин:
- Ҳаммага хайрли кеч. Эртанги учрашув қизиқарли ва ажойиб ўтиши кутиляпти. Ҳар икки жамоа тез, сифатли ва актив футбол намойиш этади.
- Бизда ёш футболчилар кўп ва уларнинг аксари илк бор бу каби катта ўйинларни кўриши. Улар эртанги учрашвда ғалаба қозониш учун максимумини намойиш этади. Барча футболчилар бор кучимизни намойиш этиб, ғалаба қозонишга ҳаракат қилишади.
"Пахтакор" "Бунёдкор" стадионидаги финалларда омадсиз. Бу ҳақда нима дея оласиз?
- Рақамлар ҳақида ўйламайман. Эртага янги кун, янги этап ва янги ўйин.
- Бир қатор позицияда кадрлар билан муаммоларга дуч келдик. Кўриб турибсиз, бизда ўтган мавсумдаги таркибнинг 20 фоизи қолган. 2-турдаги учрашувга келсак, биз ёмон ўйнаганмиз. Агар эътибор билан беллашувни кузатсангиз, биз кўп имкониятлар яратиб, ундан фойдалана олмаганмиз. Кўпчилик йўқотилган очколарни муҳокама қиляпти. Бироқ бу ерда мураббийлар тактикалар устида ишлайди ва футболчилар нимадирлар ўрганиш жараёнида.
- Айни вақтда чемпионат даражаси ўсган. Тенг кучли жамоалар йиғилган ва ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган.
- 3:0 ҳисобида "Локомотив"га бой берилган беллашувда ҳам ва бир тур аввал "Насаф"га қарши нурсиз дуранг қайд этилган баҳсда ҳам бир хил таркиб майдонга тушган. Бу стабил эмаслигимиз билан боғлиқ. Сабаби, таркибимизда ёшлар кўп. Ёшлар эса стабиллик намойиш эта олмайди. Ҳаммаси изига тушиши учун вақт керак. Бироқ вақт ҳар доим ҳам етмаяпти.
Регламентга кўра, 90 дақиқада ғолиб аниқланмаса, пенальтиларга мурожаат қилинади. Жамоангиз бунга тайёргарлк кўрдими?
- Жарима зарбалари бўйича машғулот олиб борса бўлади, аммо пенальтиларда бу иш бермайди. Сиз машғулотларда 10тадан 10та гол уришингиз мумкин. Бироқ жараёнда ҳаммаси ўзгариб кетади. Ҳатто Месси муҳим паллаларда панд берган мисоллар бор.
Собирхўжаевнинг йўқлиги қай даражада билинади?
Биз учун катта йўқотиш!
Мухлислар ҳақида
Қайси жамоа ғалаба қозонишидан кўра, мухлислар майдонга келиб хурсанд бўлиб кетиши энг муҳими. Об-ҳаво ҳам жуда яхши. Оилавий келиб, бемалол севимли жамоангизни қўллаб-қувватласангиз бўлади. Ким футболни ва "Пахтакор"ни яхши кўрса, учрашувга таклиф қиламиз.
Достон Ҳамдамов
- Эртанги беллашувга жамоамиз яхши тайёргарлик кўрди. Майдоннинг сифати ҳам аъло даражада. Ўйлайманки, мухлислар қизиқарли ўйин гувоҳи бўлади.
Ёшларга мотивация ҳақида
- Биз ҳам вақтида ёш бўлганмиз ва катталарнинг маслаҳатларига қулоқ солганимиз учун шу даражага етишганмиз. Айни дамда уларга ажойиб имконият бор. Бунақа имконият яна бўладими, йўқми, ўзлари ҳам билиб турибди. Биз уларга қўлдан келганча маслаҳат ҳам, мотивация ҳам берамиз.
Ўтган мавсум 1 метрдан гол ура олмаган пайтларингиз бўлган. Бу мавсум анча сермаҳсул ўйин намойиш қиляпсиз. Бунинг сабаби нимада?
- Бу саволга ўзим ҳам жавоб бера олмайман. Футболда баъзан бир метрдан уролмайсиз, баъзан эса 30-40 метрдан гол урасиз. Худо хоҳласа, бу мавсум ҳаммаси яхши бўлади.
Шунингдек, матбуот анжуманида қизиқ воқеа содир бўлди. UZSPORT TV журналисти Отабек Жўраев Достон Ҳамдамовни Дарвин Нуньесга қиёслади.
Фикрлар