Нуно Мендеш Ўзбекистонга жаримадан урган голи ҳақида:: "Бу комбинацияни машғулотларда ишлаганмиз"
Португалия терма жамоаси ҳимоячиси Нуно Мендеш Ўзбекистонга қарши баҳсда урган голи ҳақида фикр билдирди.
Португалиялик футболчи Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг 2-туридаги учрашувнинг 17-дақиқасида жарима зарбасидан тўғридан-тўғри гол урди. Тўп олдида Криштиану Роналду ҳам турганди.
"Биз буни машғулотларда ишлаганмиз. Одатда ҳамма жарима зарбасини Криштиану ижро этади деб ўйлайди. Келажакда ҳам бу усулни такрорлашимиз мумкин. Балки мен билан эмасдир, аммо бошқа футболчилар билан иш бериши мумкин", — деди Мендеш.
Футболчи жамоа Ўзбекистонга қарши ўйинда юқори даражада диққатни сақлаб қолганини таъкидлади.
"Биз жуда хурсандмиз. Ўйин давомида тўлиқ диққатни жамладик. Энди кейинги баҳсга тайёргарлик кўриш ва гуруҳда биринчи ўринни эгаллаш учун тикланишимиз керак", — деди у.
Мендеш танқидлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
"Танқид футболнинг бир қисми. Биз бунга кўникиб қолганмиз. Жамоада ҳамма бир-бирига ёрдам беради ва биз ҳар қандай босимга тайёрмиз. Энг муҳими — мураббий талаб қилаётган ўйинни намойиш этиш ва ўз ғоямизга содиқ қолиш", — дея қўшимча қилди Португалия терма жамоаси ҳимоячиси.

Фикрлар