Нури Шахин гол уришдан тўхтаган Шомуродов ҳақида нималар деди?
Туркия чемпионатининг 24-турида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Коньяспор” жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб, очколари сонини 39 тага етказиб олди. Мезбонларнинг ғалабасини таъминлаган ҳар икки голни Дэви Зельке киритди.
Элдор Шомуродов бу гал ҳам гол уролмади. Тўпурарлар курашида ҳамюртимиз билан рақобатлашаётган “Трабзонспор” форварди Поль Онуачу “Карагюмрюк” дарвозасини ишғол қилиб, голлари сонини 18 тага етказди ва энди Элдордан иккита тўпга олдинда бормоқда.
Истанбулдаги учрашувдан кейин “Башакшеҳир” бош мураббийи Нури Шахин ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди ва Шомуродовнинг маҳоратига ҳам баҳо берди.
Ўйин ҳақида
Аввало, ғалабадан жуда хурсандман. Ўйинга келсак, биринчи бўлимда на биз, на рақиб хоҳлаган ўйинни кўрсата олдик. Томошабинлар учун ҳам, биз учун ҳам яхши футбол бўлмади. Ўйин деярли мазмунсиз кечди.
Иккинчи бўлимда эса ўзимизга ва тамойилларимизга мос ўйинни намойиш этдик. Ўйлайманки, бу ғалабага лойиқ равишда эришдик. Биринчи бўлим умуман ёқмади, аммо иккинчисидан жуда мамнунман.
Яна бир масалага тўхталмоқчиман. Афсуски, бугун тўп атиги 45 дақиқа ўйинда бўлди. Бошқача айтганда, ўйиннинг ярмида футбол бўлмади. Биз доимо турк футболи қиймати ҳақида гапирамиз. Бу ерда энг катта масъулият мураббийлар, шунингдек ҳакамлар ва футболчилар зиммасида. 45 дақиқа ўрнига 55–60 дақиқа муросасиз ўйинни кўришимиз керак. Шу масалага эътибор қаратмоқчи эдим. Мен жуда хурсандман. “Коньяспор”га ҳам омад тилайман.
Мақсад ҳақида
Афсуски, мавсум бошида, мослашув даврида ҳам, мен келгунимча ҳам жуда кўп имкониятлар бой берилган. Шунинг учун ҳар ҳафта футболчиларимга: “Бу финал ўйини”, деб айтаман. Улар бундан чарчашган, аммо бу ҳақиқат. Ҳар бир ўйин биз учун финал. Бир ўйинни ютқазсангиз, пойгадан чиқиб кетасиз. Шунинг учун ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашишга қарор қилдик.
Чемпионатнинг энг гўзал, аммо энг қийин даврига кирдик. Бу ерда хатога ўрин йўқ. Лигада қўлимиздан келган барча ишни қиламиз ва ҳар бир ўйинга алоҳида ёндашамиз. Кубок ҳақида айтсак, у ҳақиқий финал. Чунки дуранг етарли эмас. Бизга ғалаба керак. “Башакшеҳир” ҳар доим кубок ўйинига ғалаба учун чиқади. Мен учун ҳам шундай.
Умид қиламанки, ажойиб ўйин бўлади. Биз ютамиз ва чорак финалга чиқамиз. Кейин эса, ҳар қандай жамоа каби, мақсадимиз — кубокни ютиш. Кубокда ҳам, чемпионат якунида ҳам исталган натижага эришамиз, деб ишонаман. Қўлимиздан келганча ҳаракат қиляпмиз. Ўйинимизга, футболчиларимизга ва клубимизга муносиб тарзда ўйнашга интилаяпмиз.
Шомуродов ва Зельке ҳақида
Аввало, Зельке ва Шомуродов яхши ўйнаётганини таъкидлашим лозим. Менда тўрт нафар жуда яхши савиядаги ҳужумчи бор. Уларни майдонда кўришни истайман. Шунинг учун шу схемани танладик.
Элдорнинг интеллектуал салоҳияти Зелькенинг ишини анча енгиллаштиради. Шу билан бирга, Зелькенинг жисмоний кўрсаткичлари ва бош билан ўйнаши Шомуродовга ҳам катта ёрдам беради. Улар яхши дуэтга айланди.
Зельке ҳам секин-аста гол ура бошлади. Мен ҳам у билан ўйнаганман. Унинг гол ура олишини доим билганман ва шу боис сабр қилдим. Биз кўпроқ унинг ўйинига эътибор қаратдик. Аста-секин голлар кела бошлади.
Элдор ва Дэви бир-бирини яхши тўлдирувчи икки футболчи. Умид қиламанки, Бертуғ ҳам бу сафга қайтиб қўшилади. Нуно да Кошта тимсолида яна бир яхши ҳужумчимиз бор. Биз бу ҳолатни жуда яхши уддаламоқдамиз.
Энди Нури Шахин жамоаси Туркия чемпионатининг навбатдаги турида ўзидан бир поғона юқорида турган “Гёзтепе” футболчиларини қабул қилади. Бу учрашув 8 март куни бўлиб ўтади.
Ҳусанов “Ғаройиб бешлик”дан жой олди!
Шомуродов ва Марко Асенсио эътиборни тортди!
Ҳусанов “Манчестер Сити” трансфер сиёсатига жиддий таъсир ўтказяпти
Италия матбуоти: Шомуродов қимматбаҳо юлдузларни сўндириб қўйди
Фикрлар