"Ньюкасл" "Реал" ҳужумчисига қизиқиш билдирмоқда

Мадриднинг "Реал" клуби ҳужумчиси Гонсало Гарсия Англия Премьер-лигаси вакиллари диққат марказида қолмоқда.

Журналист Грэм Бэйли маълумотига кўра, "Ньюкасл" 22 ёшли футболчини ёзги трансфер ойнаси учун асосий мақсадлардан бири сифатида белгилаган. "Қарғалар" ҳужум чизиғини кучайтиришни режалаштирмоқда ва яқин орада "қаймоқранглилар"га испаниялик форвард бўйича расмий таклиф билан чиқиши мумкин.

Гонсало Гарсия "Реал"нинг асосий таркибида камдан-кам ҳолатда майдонга тушмоқда. У жамоада Килиан Мбаппенинг ўринбосари сифатида қаралмоқда.

Transfermarkt баҳосига кўра, ёш ҳужумчининг бозор қиймати 30 миллион еврони ташкил этади. Унинг "қироллик клуби" билан амалдаги шартномаси 2030 йилга қадар мўлжалланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!