Ўзбек шахматчилари Олимпиададаги ғалабадан сўнг миллион долларни бўлишиб олади
Самарқандда бўлиб ўтган 46-Жаҳон шахмат олимпиадасида ғолиб чиққан Ўзбекистон эркаклар миллий жамоаси аъзолари давлат томонидан йирик пул мукофотлари билан ҳам тақдирланади. Ўзбекистон терма жамоасининг ҳар бир шахматчисига 200 минг доллардан пул мукофоти берилиши белгиланган.
Жамоа мураббийи эса 50 минг доллар билан тақдирланади.
Мукофотлар миқдори 2026 йил 21 сентябрда Ўзбекистон президенти қарори билан тасдиқланган. Ҳужжатга кўра, катталар ўртасидаги шахмат олимпиадасида кумуш медаль олган жамоа аъзоларига 100 минг доллардан, бронза медали учун эса 50 минг доллардан тўланади.
FIDE шафеълиги остида ўтадиган жаҳон миқёсидаги мусобақалар ғолиблари 15 минг доллар, Осиё миқёсидаги турнирлар чемпионлари 10 минг доллар мукофот олади. Халқаро гроссмейстер унвонини қўлга киритган шахматчиларга эса 5 минг доллар миқдорида рағбатлантириш кўзда тутилган.
Олимпиаданинг ҳал қилувчи, якуний турида Ўзбекистон Украина жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этди ва тарихида иккинчи бор жамоавий олтин медални қўлга киритди. Илк бор бундай ютуқ 2022 йилда Ченнай шаҳрида ўтган олимпиадада қайд этилган эди.
46-Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон шарафини Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдаров, Нодирбек Якуббоев, Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов ҳимоя қилди.
Жамоа капитани сифатида 2004 йилдаги ФИДЕ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов фаолият юритди.

Фикрлар