Асосий мазмунга ўтиш

Ўзбекистон ифтихори Қозоғистондаги жаҳон чемпионатида иштирок этмаслик сабабини тушунтирди

Зоҳир Тошхўжаев
Изоҳлар: 0

Ҳамма Олимпиада чемпионини кутаётган эди

Олимпия чемпиони, Париж-2024 ўйинларида юрт шарафини ҳимоя қилган ўзбекистонлик эркин курашчи Рамазбек Жамалов нега 2026 йилда Остонада ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этмаслигини изоҳлади.

Спортчига кўра, мусобақани ўтказиб юборишга тиззасидаги жароҳат сабаб бўлган.

«Жаҳон чемпионатида иштирок этиш режамни тиззамдаги жароҳат туфайли кейинга қолдиришга тўғри келди. Бу мусобақага жиддий тайёргарлик кўрган эдим, бир неча самарали йиғинларда қатнашдим. 

Лекин ҳозирги пайтда энг муҳими — соғлиғимни тиклаш ва куч тўплаш. Кейинги мавсумга янада пухтароқ тайёрланаман.

Менга чин дилдан кўмакчи бўлиб, қўллаб-қувватлаётган барчага миннатдорлик билдираман. Ҳар бирингизни бағримга босаман. Афсуски, бу сафар ғалаба билан севинтира олмадим. Аммо айнан шундай синовлар инсонни бақувват қилади ва катта ютуқларга олиб боради.

Ҳали сўзимни айтаман!», — дея ёзган Жамалов ўзининг инстаграм саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, Рамазбек Жамалов 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб, эркин кураш бўйича 74 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. У шунингдек 2020 йилда Жаҳон кубоги ғолиби, 2019 йилда 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида жаҳон ва Европа чемпиони бўлган.

Жамаловнинг ҳисобида, Ўзбекистон термасига ўтишидан олдин қўлга киритилган, Россия чемпиони унвонлари ҳам бор (2020, 2022 йиллар). Спортчи ютуқлари учун «Ўзбекистон ифтихори» давлат унвони билан тақдирланган.

Улашиш
SPORTS.uz'нинг Telegram'даги каналига аъзо бўлинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ