Ўзбекистон тарихда илк бор Уимблдонда уч нафар теннисчи қиз ўйнайди
Ўзбекистон ўз тарихида илк бор аёллар ўртасидаги якка разряд бўйича Уимблдоннинг асосий тўрига бир вақтнинг ўзида уч нафар теннисчи билан чиқади.
"Катта Дубулға" туркумидаги нуфузли турнирнинг асосий босқичида Ўзбекистон шарафини Камилла Раҳимова, Мария Тимофеева ва Полина Кудерметова ҳимоя қилади.
WTA рейтингининг 65-поғонасида турган Раҳимова юқори кўрсаткичи туфайли тўғридан-тўғри асосий тўрга йўлланма олди. Тимофеева (WTAда 92-ўрин) эса саралаш финалида британиялик тажрибали ракетка устаси Хитер Уотсонга қарши ўйинда иродасини намойиш қилди ва учрашув 3:6, 6:2, 6:1 ҳисобида ғалаба билан якунлади.
Кудерметова (WTAда 116-ўрин) эса параллел ўтган саралаш финалида россиялик Алина Чараева устидан 4:6, 6:4, 6:1 ҳисобида ғалаба қозониб, асосий тўр йўлланмасини қўлга киритди.
Ушбу учала спортчи аввал Россия номидан иштирок этарди. 2025 йилнинг охирида улар спорт фуқаролигини ўзгартириб, расман Ўзбекистон терма жамоаси сафида майдонга туша бошлади.
Лондондаги Уимблдон турнирининг асосий тўри учрашувлари душанба, 29 июнда старт олиши режалаштирилган.

Фикрлар