Ўзбекистонлик теннисчи "US Open-2026" мусобақасида сенсация кўтарди
Ўзбекистон терма жамоаси номидан иштирок этаётган Камилла Рахимова АҚШ очиқ чемпионати — US Open-2026 мусобақасида учинчи босқичга чиқиб, мамлакат теннис тарихида янги саҳифа очди.
25 ёшли спортчи шу тариқа 21 асрда илк бор Ўзбекистон номидан аёллар ўртасидаги якка разряд баҳсларида US Open турнирининг учинчи босқичига йўл олган теннисчига айланди.
Бунга қадар юртимиз вакилалари учун Нью-Йорк кортидаги энг яхши натижа иккинчи босқичгача етиб бориш эди. Бу кўрсаткичга ўз даврида жаҳон рейтингининг 16-ракеткаси бўлган Ирода Тўлаганова 2000, 2001 ва 2002 йилларда уч маротаба эришган.
Рахимова жорий мусобақани катта сенсация билан бошлади — у «Катта дубулға» турнирлари ғолибаси, Чехия вакиласи Барбора Крейчиковани 7:6, 6:2 ҳисобида мағлуб этди.
Иккинчи босқичда эса Испания шарафини ҳимоя қилаётган Оксана Селехметьевани йирик ҳисобда енгди — 6:3, 6:0.
"US Open-2026" турнирининг учинчи босқичида Камилла Рахимова WTA рейтингида 26-ўринни эгаллаб турган америкалик теннисчи Эмма Наваррога қарши кортга чиқади.
Эслатиб ўтамиз, Камилла Рахимова 2025 йил декабрида расман спорт фуқаролигини ўзгартириб, Ўзбекистон байроғи остида иштирок эта бошлаган эди.
Спортчи бу қарорини юқори марраларни кўзлаган карьеравий мақсадлари, Олимпия ўйинларида қатнашиш истаги, шунингдек, оилавий боғлиқликлар билан изоҳлаган. Унинг онаси Ўзбекистонда туғилган, узоқ йиллар шу ерда яшаган ва ёшлик чоғида ушбу республика шарафини ҳимоя қилиб, профессионал теннис билан шуғулланган.

Фикрлар