ОЧЛ. "Аждарлар" яна парвоз қиладими?

Осиё Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи биринчи давраси ўз якунига етди. Рўзиқул Бердиев шогирдлари 3 рақиби билан ҳам куч синашиб кўрди. Хўш, кейинги босқичга чиқиш учун уларда қандай имконият бор? Қайси аспектлардаги устунлик муваффақият келтириши мумкин?

Бугунги ҳолат: Имкониятларнинг ярми ҳавога учди

Турнир жадвалига қарар эканмиз, ҳаммаси у қадар ёмон эмасдек туюлади, аммо... Биринчи турдаги 1:1 ва сўнгги баҳсдаги 0:1 воқеалар ривожига салбий таъсир кўрсатиши турган гап. "Насаф" қўлдан чиққан имкониятларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида иккита жуда оғир ўйин ўтказиши шарт. Шу ўринда қизиқарли маълумот: "Насаф" гуруҳ босқичидаги 3 та ўйиннинг барчасида тўп назоратида рақибларидан олдинда бўлди. Шунингдек, рақиб дарвозаси томон йўлланган зарбалар сони борасида ҳам улар олдинда. Бу яхши кўрсаткич, аммо кучли ҳаяжон ва футболчилардаги тажрибасизлик устунликларни очкога айлантиришга тўсқинлик қилди. Шунга қарамай, "аждарлар" иккинчи давра старти аввалида гуруҳдан чиқиш имкониятларини тўлиқ сақлаб қолди. Хатто, вазият чакки эмас, дейиш ҳам мумкин. Саудия Арабистони яшил майдонларида кураш олиб бораётган клубимиз таркибида муаммолар бор. Биргина Шерзод Насруллаевнинг йўқлиги бутун бошли ўйин механизмига таъсир кўрсатмоқда. Алибек Давронов қанчалар ҳаракат қилмасин, у Насруллаев сингари Бердиевнинг тактик схемасида муҳим ижрочи эмас. Шундай бўлсада, Давронов жамоаси ўйинини бузиб қўймаяпти. Бу ҳам ёш футболчи учун катта плюс. Ортда қолган 3 беллашув ҳақида фикр билдирар эканмиз, жамоа камида 7 очко жамғаришга қодир эди. Бу вазиятда қаршиликлар сафидаги легионерлар Осиё клублариникидан анча фарқ қилишини таъкидлашимиз адолатдан бўларди. Станоевич ўз йўлига, аммо ҳужум чизиғига таклиф этиладиган форвард камида ОЧЛ даражасида бўлиши шарт. Смайлагични "Ал-Файсали" ҳужумчиси Таварес билан солиштириб кўришнинг ўзи кифоя. Семир бутун баҳс давомида фаол бўлишга уринди, аммо жамоадошлари томонидан яратилган имкониятлардан бирортасини гол билан якунлай олгани йўқ. Таварес эса, рақибни яримта хатосидан жамоага 3 очко "ясаб берди". Шу ва шунга ўхшаш бошқа омиллар "Насаф"нинг биринчи даврани максимал даражадаги очколар билан якунлай олмаслигига сабаб бўлди.

насаф_2

Ортда қолган 3 тур нима берди?

Биринчи навбатда, ўз кучига бўлган ишонч! Бердиев шогирдлари мухлислари билан мақтанадиган "Ал-Веҳдат", Хавидан қолган "Ал-Садд" ва Таваресга суянган "Ал-Файсали" билан кураш олиб борди. Улар мураббийнинг назарий кўрсатмаларидан ташқари, амалда ҳам ўзлари учун кўплаб янги нарсаларни билиб олишди. Энди ҳаммасидан унумли фойдаланаган ҳолда, натижа кўрсатиш лозим. Шу ўринда "Насаф" бош мураббийи Рўзиқул Бердиевни алоҳида эътироф этиш лозим. Қаҳрамонимиз гуруҳ босқичидаги 3 ўйинда уч хил ўйин схемасига мурожаат этди.

"Ал-Садд"га қарши ўйинда:

Асосан, рақибга марказни топширган ҳолда, қанотларга бор кучини ташлаган Бердиев номдор рақибнинг режаларини барбод қилишга муваффақ бўлди. Қизил карточкалардан сўнг "Насаф" бемалол 3 очкони илиб кетиш учун ҳаракатни бошлади, аммо тажрибасизлик панд берди. Боз устига, рақибга ортиқча баҳо берилгани ҳам минусга ишлади. Бугунги "Ал-Садд" бу Хави давридаги жамоа эмас! Унинг анча эскирган ва кучдан қолган варианти.

"Ал-Веҳдат"га қарши ўйинда:

Бу сафар мураббий Иордания клубини ортиқча муаммосиз мағлубиятга учратишига ишонди ва ҳужумкор ўйин таклиф этди. Қанот футболчиларига эркинлик берган ҳолда, фулбэкларни бутун майдон бўйлаб ҳаракат қилишини таъминлади. Натижада, биринчи бўлимда бироз ҳаяжонланган "Насаф" иккинчи таймда инстенсив футбол эвазига рақибнинг "килсородини тўсиб қўйди". Сўнгги 20 дақиқаликда "аждарлар" ортиқча муаммосиз устунликни 3 очкога айлантирди.

"Ал-Файсали"га қарши ўйинда:

"Ал-Садд" билан ўйиндан фарқли ўлароқ, эҳтиёткорлик камайтирилди. Барчаси биринчи бўлимда ўтказиб юборилган голдан сўнг ўзгариб кетди. Ваҳоланки, баҳсни Бердиев иккита соф ҳужумчи билан бошлаганди. Иккинчи 45 дақиқаликда "Насаф" устунликни қўлига олиб, вазиятлар яратди. Афсуски, ўша куни "аждарлар" сафида Таварес даражасидаги топ-футболчи йўқлиги панд бериб қўйди.

Энди мураббий ва футболчилар рақиб кучига тўғри баҳо бериши мумкин. ОЧЛ старти аввалида "Ал-Садд"ни бошқа даражадаги футбол намойиш этиши, "Ал-Веҳдат"ни қарши ҳужумлар "қироли" ва "Ал-Файсали"да кучли жамоавий ўйин мавжуд эканлиги ҳақидаги қуруқ гаплар тасдиғини топгани йўқ. Бундан ташқари, "Насаф" ортда қолган 3 ўйиннинг бирортасида тактик ва жисмоний томондан мағлубиятга учрамади. Бу иккинчи даврада ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин. Ўйинлар ораси жуда яқин бўлгани боис, жисмоний ҳолати яхши ва захира ўриндиғи кенгроқ бўлган жамоаларда имконият ошади. Бу борада "Ал-Садд" гуруҳда қолганлардан яхшироқ имкониятга эга. "Насаф" эса, кучли жамоавий ўйин ва синовдан ўтган ўйин механизмига суянади. "Ал-Файсали" ёпиқ футбол ўйнаб, натижага эришишга уриниб кўради. "Ал-Веҳдат" деярли курашдан чиқиб бўлди. Иккинчи давра стартида яна "Ал-Садд" билан тўқнаш келувчи Иордания клуби катта эҳтимол, билан квартетнинг сўнгги поғонасида қолади.

насаф2

Гуруҳдан чиқиш имкониятлари қандай?

Имкониятлар 100 фоиз сақланиб қолинган, деб бўлмайди, аммо плей-офф "аждарлар"дан жуда узоқлашиб ҳам кетгани йўқ. Камида, 3 ўйиндан 7 очко олиш шарт. Бу 6 очконинг 3 таси "Ал-Файсали"дан олинса, нур устига аъло нур бўлади. Воқеалар ривожидан келиб чиқиб, бу очколар 6 та бўлса ҳам якунда "аждарлар"га 2-поғонани нақд қилиши мумкин. Барчаси, Саудия Арабистони клуби билан 20 апрель санасида бўлиб ўтадиган ўйинга боғлиқ. Агар "Насаф" ғалаба қозонса, гуруҳда биринчи ўрин учун ҳам кураш олиб бориш имкониятига эга бўлади. Бошқачароқ ҳисоб қайд этилса, қолган ўйинлардаги натижаларга ҳам эътибор қаратишга мажбур бўламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
&
Nasaf Qarshi
20/04/2022 02:11
Бугун ютишимиз шарт йигитлар
Farrukh Ergashev
19/04/2022 23:12
Albatta bugun Nasaf g'alaba qozonadi
Yurtimiz sharafini munosib himoya qilishiga ishonaman . Paxtakor dan ham uidim ancha katta ediyu lekin ammo biroq o'xshamadi . Olg'a Nasaf