Одил Аҳмедов: "Миллий" стадионда вақтинча ўйин ўтказмаслик керак. Чунки...
Ҳозиргина пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда Ўзбекистон ва КХДР терма жамоалари ўртасида халқаро ўртоқлик учрашуви ўз якунига етди. Голларга бой кечган ўйин 4:0 ҳисобида терма жамоамизнинг ғалабаси билан якунланди.
Ўйиндан сўнг терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Мухлислар олдида албатта босим бўлади ва шу боис биринчи бўлимда бироз асабий ўйин бўлди. Асосан биринчи голгача қийналдик, кейин эса рақиб бўш зоналар яратди ва биз булардан унумли фойдаланиб йирик ҳисобда ғалаба қозондик.
Бугун бизни қўллаб-қувватлаш учун стадионга жуда кўплаб мухлислар ташриф буюрди. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдирамиз. Шукрки, уларнинг олдида юзимиз ёруғ бўлди.
Ёш футболчиларга мана шундай учрашувларда имконият берилиши керак деб ўйлайман. Чунки, ёшлар – келажагимиз. Улар мана шу каби ўйинларда ўзларини кўрсатишга ҳаракат қилишади ва уларда ўз кучига бўлган ишонч ортади.
“Миллий” стадион майдонини яхшилашга ҳаракат қилишгани кўриниб турибди. Аммо, янгиланган чим ҳали ўйинга тўлиқ тайёр эмаслигини ҳамма кўрди. Менимча, ҳали бу майдонда ўйин ўтказмай туриш лозим. Чунки, майдон чими ҳали яхши жипслашмаган ва шу боис кўчиб кетяпти”, - дейди Аҳмедов.
Фикрлар