ЎФА, ЎзПФЛ ва “Қишлоққурилишлойиҳа” мутахассислари иштирокида Нукус шаҳридаги "Турон" стадионини таъмирлаш бўйича учрашув бўлиб ўтди
Лига офисида Нукус шаҳридаги "Турон" стадионини таъмирлаш бўйича учрашув бўлиб ўтди. Унда Ассоциация ва Лига вакиллари ҳамда “Қишлоққурилишлойиҳа” мутахассислари иштирок этди. Бу ҳақда ЎзПФЛ матбуот хизмати хабар берди.
"Турон" стадионини таъмирлаш жорий йилда бошланади. Шу асосда “Қишлоққурилишлойиҳа” МЧЖ лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрламоқда. Режага кўра, стадион тўлиқ янгиланишидан ташқари, ҳудуднинг орт қисмида яна 2 та футбол майдони барпо этилади.
Экологик вазиятдан келиб чиқиб, Нукус шаҳрида футбол учрашувларини сунъий қопламали футбол майдонида ўтказиш учун рухсат берилган. Бироқ бунда футболчилар саломатлиги ҳамда халқаро беллашувларни қабул қила олиш даражасидаги технологиядан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. ФИФА талабларига жавоб бермайдиган сунъий майдонда расмий учрашувлар ташкил этиш учун рухсат этилмайди.
Шундан келиб чиқиб, Ассоциация ҳамда Лига мазкур масала юзасидан ўз таклифларини киритди. Лойиҳа смета ҳужжатларини тайёрлаш давомида “Қишлоққурилишлойиҳа” мазкур талабни инобатга олиши ва бу борада мамлакат футболи учун жавобгар бўлган ташкилотлар билан расман келишиши белгилаб олинди. Аввалроқ, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳам мазкур масала Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Профессионал футбол лигаси билан келишилиши лозимлигини маълум қилганди.
Учрашув давомида, шунингдек, асосий трибуна ва унинг остида жойлашиши кўзда тутилган техник ҳудуд қандай бўлиши лозимлиги, ВАР ҳамда кўчма телевизион станция жой оладиган ҳудудлар, кийим алмаштириш ва стадионга чиқиш йўлакларида қандай талаблар инобатга олиниши лозимлиги белгилаб олинди. Томонларнинг навбатдаги учрашуви "Турон" стадионининг ўзида бўлиб ўтади.
Фикрлар