ЎФА Этика Қўмитаси тотализаторда иштирок этган шахсларга жазо тайинлади
Ўзбекистон футбол ассоциацияси олдида турган асосий вазифалардан бири футболимизни орқага тортаётган иллатлардан бўлган келишилган ўйинлар ва тотализаторда иштирок этиш каби ҳолатларга қарши кескин кураш олиб бориш. Шу мақсадда фаолият олиб бораётган Этика қўмитаси яна бир ҳолатни аниқлади ва жазо белгилади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар тарқатди.
Унга кўра, “Оқ-тепа” клубининг собиқ бош мураббийи Ярослав Крушельницкий 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди. 2019 йил 12 июнь куни ўтказилган “Оқ-тепа” ва “Ифтихор” футбол клублари ўртасидаги ўртоқлик учрашувида Крушельницкий мураббий бўла туриб тотализатор ўйнига аралашгани маълум бўлди. Жазо тайинлашда Ярослав Крушельницкийнинг ўз айбини тўлиқ тан олиб, қаттиқ пушаймонлигини билдирганлигини инобатга олинди.
Ўша учрашувда “Ифтихор” клуби шарафини ҳимоя қилган, ҳозирда эса “Қизилқум” жамоасида фаолият олиб бораётган Нодир Камолов ҳам тотализатор ўйини иштирокчисига айлангани аниқланди. Камолов ҳам ўз айбини тўлиқ тан олиб, қаттиқ пушаймонлигини билдирганлиги учун Қўмита томонидан ЎФА интизом кодексининг тегишли бандига асосан олти ой муддатга муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди.
"ЎФА Этика Қўмитаси футбол соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, мураббийлар ва футболчиларни профессионаллик, тартиб-интизом ва ҳалоллик қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлашга чақиради", - дейилади хабарда.
Фикрлар