ЎФА тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги қарорлари эълон қилинди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси томонидан “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати Футбол маҳорат мактаблари (футбол академиялари) мусобақасининг 2006-йилда туғилган тарбияланувчилари ўртасида Навоий вилоятида бўлиб ўтган ижтимоий тармоқларда турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлган вазиятлар бўйича келиб тушган мурожаат ва эътирозлар кўриб чиқилди.
“Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати Футбол маҳорат мактаблари мусобақасининг 2006-йилда туғилган тарбияланувчилари ўртасида Навоий вилоятида ўтказилган 5-тур доирасидаги Жиззах ФММ ва Андижон ФММ жамоалари ўртасидаги учрашув якунидан сўнг икки жамоа футболчилари ўртасида (жами 9 нафар) жанжал содир бўлиб, муштлашувга айланган.
Учрашув бош ҳаками томонидан учрашув якунланганидан сўнг, Жиззах ФММ жамоасининг футболчиси Ж.Эргашев жаҳл қилган ҳолда тўпни зарб билан тепиб юборади, тўп эса Андижон ФММ футболчиси А.Абдунабиевга бориб тегади. Шундан сўнг икки жамоа футболчилари ўртасида жанжал содир бўлган.
Бундан ташқари, “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати мусобақаси ташкилий қўмитасининг билдиргисига кўра, жорий йилнинг 17-октябрь куни мазкур мусобақанинг 7-тур доирасида Бухоро ФММ — Наманган ФММ жамоалари ўртасидаги учрашувда спорт принсипларига хос бўлмаган вазият аниқланган.
Жумладан, “Б” гурухининг сўнгги 7-турида Андижон ФММ, Навоий ФММ, Бухоро ФММ ва Наманган ФММ жамоаларининг кейинги босқичга чиқиш имконияти бор бўлиб, ушбу учрашувлар қуйидаги ҳолатда бир вақтда бошланган (учрашув давомийлиги 70 дақиқа, хар бир тайм 35 дақиқадан):
Навоий ФММ — Андижон ФММ соат 11:00, “Кимёгар” ўйингоҳи (Навоий шаҳри);
Бухоро ФММ — Наманган ФММ соат 11:00, “Ёшлик” ўйингоҳи (Навоий шаҳри).
Навоий ФММ — Андижон ФММ учрашувининг 69-дақиқасида учрашув бош ҳаками Ахунов Мейирбек (Қорақалпоғистон Республикасидан) Андижон ФММнинг 17-рақамли футболчиси ўз жарима майдони ичида рақиб футболчисининг оёғига зарба берган ва учрашув бош ҳаками Андижон ФММ дарвозаси томон 11 метрлик жарима зарбасини белгилаган. Навоий ФММ жамоаси жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олган. Бош ҳакам томонидан учрашувга 3 дақиқа вақт қўшиб берилиб, мазкур вақт якунига етгач, Навоий ФММ жамоаси Андижон ФММ жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонади.
Ўзбекистон ҳакамлари маркази ҳузуридаги Эксперт-ҳакамлар марказининг хулосасига кўра, Навоий ФММ — Андижон ФММ учрашуви бош ҳаками томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбаси тўғри белгиланганлиги қайд этилган.
Бухоро ФММ — Наманган ФММ учрашувининг 70-дақиқасига қадар Наманган ФММ жамоаси 2:1 ҳисобида олдинда бораётган бўлган. Бош ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқа ичида Бухоро ФММ жамоаси 70+2 ва 70+4 дақиқаларда Наманган ФММ жамоаси дарвозасини шубҳали тарзда ишғол қилган. Энг ачинарлиси, Наманган ФММ ва Бухоро ФММ жамоалари футболчилари голлардан сўнг бир-бирларини очиқчасига табриклашган. Бундан ташқари, Наманган ФММ бош мураббийи томонидан ўйиннинг 70+3 дақиқасида 3 та ҳимоячи алмаштирилиб, уларнинг барчаси хамда дарвозабон Бухоро ФММ футболчиларига қаршилик кўрсатмасдан, атайин гол ўтказиб юборганлар. Натижада, Бухоро ФММ жамоаси ушбу учрашувда 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, “Б” гуруҳидан 2-ўрин билан плей-офф йўлланмасини қўлга киритган.
Мазкур учрашув бош ҳаками Самандаров Русланнинг ҳамда бошқа ёрдамчи ҳакамларнинг билдиришномаларида учрашув давомида ҳар иккала жамоа футболчилари ва мураббийлари келишганликлари баён қилинган. Бундан ташқари, юқоридаги учрашувлар "Youtube" ижтимоий тармоғи орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилган бўлиб, мазкур ҳолат кенг жамоатчиликнинг ва блогерларнинг муҳокамасига сабаб бўлган.
Юқоридагиларга кўра, спортнинг футбол тури бўйича “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати мусобақаси Ташкилий қўмитасининг 15.10.2022-йилдаги йиғилиш баёнига кўра, муштлашувда иштирок этган Жиззах ФММ жамоасининг футболчилари Ж.Эргашев, Д.Қўлдошев, А.Жумамуродов, Ф.Анарбаев, Ш.Ялғашевлар ҳамда Андижон ФММ жамоаси футболчилари А.Абдунабиев, Р.Омонбоев, И.Икромов, Я.Абдувахобовларга нисбатан 2022-йилнинг 31-декабрига қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган ҳар қандай Республика мусобақаларидан четлатиш жазоси белгиланган.
Шунингдек, спортнинг футбол тури бўйича “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати мусобақаси Ташкилий қўмитасининг 19.10.2022-йилдаги йиғилиш баёнига кўра, Наманган ФММ ва Бухоро ФММларнинг 2006-йилда туғилган жамоалари спорт принсипларига хос бўлмаган келишилган ўйинда қатнашганликлари сабабли 7-тур натижаси бекор қилиниб, жамоалар “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон мусобақасидан четлатилган.
Юқоридагиларга кўра, ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига асосан, Спортнинг футбол тури бўйича “Профессионал футбол мактаблари лигаси” Ўзбекистон чемпионати мусобақаси Ташкилий қўмитасининг 15.10.2022-йилдаги йиғилиш баёнига кўра, муштлашувда иштирок этган Жиззах ФММ жамоасининг футболчилари Ж.Эргашев, Д.Қўлдошев, А.Жумамуродов, Ф.Анарбаев, Ш.Ялғашевлар ҳамда Андижон ФММ жамоаси футболчилари А.Абдунабиев, Р.Омонбоев, И.Икромов, Я.Абдувахобовларга нисбатан 2022-йилнинг 31-декабрига қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган ҳар қандай Республика мусобақаларидан четлатиш жазоси белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинган.
Шунингдек, ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига мувофиқ, Бухоро ФММ У-16 бош мураббийи А.Т.Шарипов ва Наманган ФММ У-16 бош мураббийи Қ.Р.Мамажоновларга ЎФА Интизом кодексининг 5.44-бандига асосан ўзаро учрашувда ўйин натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишув уюштирганликлари ва қатнашганликлари учун 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш жазоси белгиланган.
Афсуски, болалар футболида шунга ўхшаш кўнгилсиз вазиятлар учраб туриши футболимиз мавқейига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси барча масъул шахсларни мусобақаларда спорт принсипларини ҳурмат қилишга чақиради ва шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда кескин чоралар кўрилишини маълум қилади.
Фикрлар