ЎФА “Зўр ТВ” телеканали билан ҳамкорлик қилади
Ads

 

Ўзбекистон футбол ассоциацияси “Зўртв” телеканали ҳамда “Тасвир” газетаси билан биргаликда юртмизда футболни оммавийлаштириш, футболчи бўлишни орзу қилган, аммо ушбу орзусига етиша олмаган ёшларни ниятларига етишлари йўлида имконият яратиш мақсадида янги лойиҳани йўлга қўйди.

Мамлакатимиздаги 17 ёшдан 20 ёшгача бўлган, футболчи бўлишни орзу қилган ёшлар ушбу лойиҳада иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун “Тасвир” газетасини сотиб олиб, газетада чоп этилган купонни тўлдиришлари ҳамда ўша ерда кўрсатиб ўтилган манзилга почта ёки “Телеграмм” тармоғи орқали юборишлари лозим бўлади. Лойиҳа иштирокчилари сони чекланмаган.
Купон юборган иштирокчилар ҳудудларга бўлинган ҳолда вилоятлар миқёсида, танлов асосида саралаб олинади. Танловда ҳакамлар томонидан иштирокчилар турли футбол машқлари ҳамда синовлари орқали синовдан ўтказилади. Ҳар бир вилоятдан 18 нафар футболчи бўлиш истагидаги ёшлар кейинги босқичга йўлланма олиш имконига эга.

Ҳар бир худуддан саралаб олинган футболчилар сўнгги босқичда Тошкент шаҳрида қайтадан синовдан ўтказилади ҳамда улар орасидан энг кучли 23 футболчи танлаб олинади. Ушбу ғолиб футболчилар Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида ташкил этиладиган “Футбол шоу” дастурида Ўзбекистон терма жамоасига қарши майдонга тушадилар. Учрашувни терма жамоаларимиз мураббийлари кузатиб боришади ва иқтидор эгаларини танлаб олишади.

“Футбол шоу” лойиҳасида иштирок этиб, ўз имкониятингизни синаб кўринг!