ЎФАда тақдирлаш маросими ўтказилди. Футзалчиларимизга пул мукофотлари топширилди (Фото)
Ўзбекистон футбол ассоциациясида Тожикистонда ўтказилган “CAFA Womenʼs Futsal Championship 2022” мусобақасида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
Тадбир аввалида ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов футзалчиларимизни ЎФA президенти Aбдусалом Aзизов, қолаверса, бутун футбол жамоатчилиги номидан мусобақадаги муваффақиятли иштирок билан табриклади. Ушбу натижанинг ортида юртимизда аёллар спортига берилаётган эътибор, қолаверса, аҳиллик ва жамоавий меҳнат ётганини таъкидлаб ўтди.
- Aёллар футболини янги босқичга олиб чиқиш ва ривожлантириш йўлида ЎФA япониялик тажрибали мураббийларни жалб қилди. Ҳаммамизга маълум, Япония жаҳон чемпионатида доимий иштирок этиб келади, мутахассислари ҳам халқаро миқёсда катта тажрибага эга ҳисобланади. Шу сабабли, аёллар футболига Мидори Ҳонда бош мураббий этиб тайинланди, умид қиламизки, Сизлар ушбу янги мураббий билан олдимизга қўйилган юқори мақсадларга эришиш йўлида тинмай меҳнат қилиб, ўз устингизда ишлаб борасизлар, - дея таъкидлади Равшан Эрматов.
Шунингдек, Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи Мидори Ҳонда футзалчиларимизни самимий табриклаб, жамоа олдида қилинадиган ишлар кўплигини, февраль бошидаёқ терма жамоа йиғинларга киришини ва юқори марралар йўлида биргаликда ҳаракат қилиш кераклигини айтиб ўтди.
Футзал терма жамоамизнинг кейинги мусобақаларда янада юқори натижалар қайд этишларига ишонч билдирилди. Ўз навбатида, мураббийлар штаби сўнгги йиллардаги аёллар футболига берилаётган эътибор ортганини таъкидлади. Жамоа номидан мусобақа тўпурари Мафтуна Шойимова ЎФAга эътибор учун миннатдорчилик билдирди. Тадбир якунида футзалчилар пул мукофотлари билан тақдирландилар.
Фикрлар