ОФК 2030 йилдан Миллатлар лигасини жорий этмоқчи
Осиё футбол конфедерацияси 2030 йилдан бошлаб Жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги саралашларига таъсир кўрсатадиган Миллатлар лигасини жорий этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
ESPN кўрган ОФК лойиҳасига кўра, янги турнир ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Унда Осиё терма жамоалари учта даражага бўлинади. Биринчи ва иккинчи даражаларда 18 тадан, учинчи даражада эса 11 та жамоа иштирок этади.
Жаҳон чемпионати билан боғлиқ илк Миллатлар лигаси 2032/33 йилларда ўтказилиши режалаштирилган. Юқори даражадаги энг яхши олти жамоа ЖЧга тўғридан-тўғри йўлланма олади. 7–10-ўринларни эгаллаган терма жамоалар эса қолган икки йўлланма учун плей-оффда курашади.
Осиё кубоги билан боғлиқ илк турнир эса 2030 йилда ўтказилади. Унда биринчи даражадаги барча жамоалар ва иккинчи даражадаги энг яхши олти терма жамоа қитъа чемпионатига йўлланма олади. Шу билан бирга, Осиё кубогини 2031 йилдан 2032 йилга кўчириш режалаштирилмоқда.
Таклифга кўра, даражалар ўртасида кўтарилиш ва тушиб кетиш тизими ҳам жорий этилади. ОФК 2028/29 йилларда янги тизимга ўтишдан олдин пилот турнир ўтказишни режалаштирмоқда

Фикрлар