ОФК Илёс Зейтуллаевга тегишли дипломни А лицензияси даражасида деб топди
"Бунёдкор" устози Илёс Зейтуллаев Италия футбол федерацияси томонидан берилган ҳамда 2025 йилнинг 31 декабригача амал қиладиган мураббийлик дипломига эга. ОФК “Лицензиялаш регламенти” ва “Мураббийлик конвенсияси” талабига кўра, мазкур диплом конфедерация ҳудудида қандай лицензия билан муқобил эканлиги аниқланиши лозим.
ЎФА техник директори Ги Киала тажриба ва малака мутаносиблигини тан олиш ҳамда мазкур масалага аниқ хулоса беришни сўраб, ОФК Техник бошқармасига мурожаат қилганди. 28 август санасида Техник қўмита ўз хулосасини тақдим этди. Унга кўра, Зейтуллаевга тегишли бўлган диплом ОФКнинг А лицензияси даражаси билан тенг эканлиги қайд этилди.
Лицензиялаш талабига кўра, Суперлига клубида бош мураббий сифатида рўйхатдан ўтиш учун мутахассис Про лицензиясига эга бўлиши лозим. Шундан келиб чиқиб, "Бунёдкор" клубида бош мураббий сифатида Сергей Арслонов рўйхатдан ўтказилган, Зейтуллаев де факто жамоани бошқараётган бўлса-да, амалда у ёрдамчи мураббий сифатида Лига рўйхатидан ўтган.
Лига Ги Киала билан мураббийларни қайта ўқитиш йўналишида ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Хусусан, ҳар икки томон яқин истиқболдаги режалар масаласида тез-тез фикр алмашади. Сабаби Суперлига ва Пролигани янада ривожлантириш бевосита мураббийлар малакаси билан чамбарчас боғлиқ ҳисобланади.
Маълумот учун, ОФК Про лицензиясига навбатдаги ўқув-курси шу йилнинг 3 сентябрь санасида Тошкентда старт олади. Илёс Зейтуллаев Про лицензияси учун талабгорлар рўйхатига киритилган.
Фикрлар