Оғир атлетика. Илк бор Ўзбекистон чемпионатида видеотакрорлар технологияси қўлланилади!
Жорий йилнинг 1-10 март кунлари Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети манежида оғир атлетика бўйича 20 ёшгача бўлган спортчилар ҳамда катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилиши режалаштирилган. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 300 нафарга яқин энг кучли полвонлар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боради.
Ушбу мусобақаларнинг асосий вазифаси – юртимизда оғир атлетика спорт турини янада ривожлантириш ва шу билан бирга келажакдаги халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчиларни саралаб олишдан иборат.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ташаббуси билан бу сафарги мамлакат чемпионатида тарихда илк бор видеотакрорлар технологияси қўлланилиши режалаштирилмоқда. Ҳозирги кунда фақат нуфузли халқаро мусобақалардагина ушбу тизим жорий этилган бўлиб, бу беллашувларнинг янада адолатли баҳоланишига хизмат қилади.
Барча оғир атлетика ишқибозларини Ўзбекистон чемпионатини томоша қилишга чорлаб қоламиз! Қизиқарли ва муросасиз баҳсларни ўтказиб юборманг!
Фикрлар