Оғир атлетика. Шаҳрулло Маҳмудов Осиё оғир атлетика федерацияси вице-президенти лавозимига қайта сайланди

Бугун Қатар пойтахти Доха шаҳрида Осиё оғир атлетика федерациясининг (ООАФ) ҳисобот-сайлов Конгресси бўлиб ўтди. Ушбу спортнинг қитъамиздаги истиқболли режалари муҳокама қилинган тадбирда ООАФ раҳбариятининг янги таркиби шакллантирилди. Эътиборлиси, унда Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ООАФнинг вице-президенти этиб қайта сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Овоз бериш натижаларига кўра, ташкилотнинг амалдаги президенти Юсуф Ал Мана раҳбарлигини давом эттирадиган бўлди. Шунингдек, Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Жалуд ООАФнинг биринчи вице-президенти, Муҳаммад Ал Ҳарби эса ООАФ Бош котиби лавозимига сайланишди.

Янги сайланган ва тасдиқланган расмийлар Париж-2024 Олимпиадасигача бўлган давр мобайнида ўз лавозимларида фаолият юритишади. Қайд этиш жоиз, Шаҳрулло Маҳмудов бунгача ҳам ООАФнинг вице-президенти, шунингдек, Халқаро оғир атлетика федерацияси Ижроия қўмитаси аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!